Африкада ноёб тоғ горилласини ўлдирган эркак 11 йилга қамалди, деб хабар беради CNN.
Угандалик Бямукама Феликс ўтган ойда горилла ўлдирганини тан олган. Ҳалок бўлган горилла Бвинди миллий боғи ҳудудида яшовчи Нкуринго гуруҳига кирган.
Рафики лақабли горилла туристлар орасида жуда машҳур бўлган. У 1 июль куни бедарак йўқолган дея эълон қилинган, эртаси куни эса боғ ҳудудидан унинг жасади топилган. Текшириш натижалари Рафики қорин қисмига ўткир тиғли жисм орқали етказилган жароҳатдан сўнг вафот этганини кўрсатган.
Унинг қотили орадан бир неча кун ўтиб қўлга олинган. Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, жиноятчининг ёнидан чўчқа гўшти ва ов анжомлари топилган. Феликс бир неча банд бўйича айбловларни тан олган — гориллани ўлдириш, қўриқланаётган ҳудудга кириш ва ноқонуний гўшт сақлаш.
Айбланувчининг сўзларига кўра, у Рафикини дўстлари билан боғ ҳудудида ов қилиб юрганида ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўлдирган. Воқеанинг қолган уч иштирокчиси ҳам ҳозирда қамоқда, бироқ улар қотиллик бўйича айбловни тан олмаган.
Нкуринго гуруҳида 17 та горилла мавжуд бўлиб, Рафики яна учта йирик горилладан иборат гуруҳга кирган. Тоғ гориллалари — дунёдаги приматларнинг энг камёб турларидан ҳисобланади. Ҳозирда уларнинг бутун дунё бўйлаб мингга яқини яшамоқда.
Изоҳ (0)