Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан аҳолига ижтимоий кўмак бериш мақсадида олиб борилаётган хайрия тадбирлари давомида нақд пул орқали хайрия қилиниш ҳолатлари кузатилмаяпти. Бу ҳақда 23 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Тадбирда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева фаолияти қайта йўлга қўйилган хайрия марказларида аҳолига тарқатилган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари харажати тўғрисида сўз юритди.
«Жорий йилнинг 14 июлидан бошлаб, вазирлик ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари ташкил этилди. Марказларнинг асосий вазифаси, ҳомий ташкилот ва фуқаролар томонидан хайрия қилинган озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини эҳтиёжманд ҳамда карантин қоидаларининг кучайтирилиши муносабати билан доимий даромадсиз қолган фуқароларга етказиб беришдан иборат.
Аҳоли мурожаатлари ҳамда фуқаролар йиғинлари томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида, 2020 йилнинг 14 июлидан 22 июлигача, яъни бир ҳафта давомида республика миқёсида жами 145 минг 154 та моддий даромад манбасини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларга 14 миллиард 67 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. Бундан ташқари, 330 та оилага қиймати 52 миллион 400 минг сўм миқдордаги дори-дармонлар ҳам тарқатилди», — деди Боймирзаева.
Изоҳ (0)