Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида бир гуруҳ фуқаролар сув танқислигидан норози бўлиб, Нукус—Тошкент магистрал йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилганди. Туман ҳокимлигининг хабар беришича, мазкур норозиликка сабаб бўлган сув муаммоси ҳал қилинган.
Маълум қилинишича, Беруний тумани ҳокими зудлик билан воқеа жойига етиб борган ва муаммо бартараф этилган, аҳоли томорқаларига сув бериш мақсадида сув насослари ишга туширилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари йиғилган аҳолини тарқатган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат Беруний тумани «Абай» овул фуқаролар йиғинидаги Қуралпа аҳоли пунктида содир бўлган. 10 кун давомида Найман каналига сув келмагани сабабли ҳудуд аҳолиси йўлни тўсиб, норозилик билдирган.
Маълум қилинишича, туманда 13 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида сув етказиб бериш қийин ҳисобланади. Шу сабабли маҳаллалардаги экин майдонларини навбатма-навбат суғориш йўлга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ноябрида Нукусда одамлар ҳудудни табиий газ билан таъминлаб беришни талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказган эди.
Изоҳ (0)