«Карантин зонада ҳар кимнинг тажрибаси ҳар хил бўлган бўлиши мумкин. Чунки, менинг назаримда, умумий тартиб, йўриқномалар йўқ. Қуйида менинг тажрибам келтирилган», — деб Twitter фойдаланувчиси @ndarvishev Ўртасаройда ўтган 15 кунини ҳикоя қилди.
1-кун
Самолёт ерга қўниши билан тартибсизлик, мавҳумлик бошланди. Ҳеч ким нима қилишимиз кераклигини, бизни нима кутаётганини айтмади, карантин зонасига жойлашиш жараёни бўйича тушунтириш бермади.Самолётга оқ «скафандр»дагилар чиқиб, паспортларни йиғиб олиб, кейин ўтириб кутиб туринглар, деб илтимос қилди. Шунга қарамай, ҳамма секин-аста ўрнидан туриб, чиқа бошлади. Ташқарида эса бизни автобуслар, турли ходимлар ва тартибсизлик кутарди.
Орамизда қанча одам меҳмонхонага жойлашишни режа қилиб келганди. Шу боис ҳаммамиз кўзимизга кўринган ходимдан қандай қилиб меҳмонхонага жойлашса бўлади, деб сўрай бошладик. Табиийки, бу саволнинг жавобини ҳеч ким билмасди.
Багажларимиз нима бўлиши ҳақида ҳам ҳеч ким тайинли гап айтмади. Автобус лиқ тўла. Кимдир маскасини ечиб ташлаган, кимдир шофёрдан эшикни очишини, чекишга чиқмоқчилигини сўраган, кимдир қачон юришимизни, багажни кутамизми-йўқми, шунга қизиққан.
Шундай қилиб, пастдаги тартибсизликдан йўловчилар ҳам тартибсизлашган. Автобус ҳайдовчиси саволлар кўплиги, жавоб бера олмаслигидан охири эшикларни ёпиб, тушиб кетди. Автобусда бир соатдан кўпроқ ўтирдик. Орада кимдир чиқиб, автобусдагиларни нақ тўрт марта санаб кетди.
Бироздан кейин автобусимиздаги бир хола жанжал кўтара бошлади. Ва ниҳоят, яна ярим соатлар ўтиб, автобус юрди. Хурсанд бўлгандик, у эса бизни сал нарига олиб бориб, колонна ташкиллаштириш учун тўхтаган экан. Яна ярим соатлардан сўнг карантин зонаси томон йўл олдик.
Эски ТошМИга яқинлашганимизда автобус яна тўхтади. Ярим соатча турдик шу ерда. Сабабини билмаймиз. Узун-қулоқ гапларга қараганда, бир-иккита паспорт етишмаётган экан. Орада одамлар ҳайдовчидан эшикни очишини талаб қилиб, кимдир нафас олиш учун, кимдир чекишга ташқарига чиқди.
Карантин зонасига етиб келдик. У ерда кўп тўхталмадик. Блок ва қаторлар тайёр, бизни кутяпти. Лекин контейнерларга жойлашиш тартиби йўқ. Ҳар ким ўз-ўзича контейнерларга жойлашиб оляпти. Кимлардир сиғмай, бошқа контейнерга мўралаган.
Биз ҳам тўрт киши бўлиб бирга турамиз, деб келишдик. Автобусдан тушиб контейнерга жойлашмоқчи эдик, қаторда одам кўпайиб кетди, кутинг дейишди. Эшик олди лиқ тўлган. Автобусда орқадагилар ҳам худди нимадандир қуруқ қолаётгандек тиқилиб келган. Бир оёқда зўрға турибмиз.
Контейнерларга жойлашишни ҳеч ким назорат қилмаяпти. Ҳамма исталганига жойлашяпти. Биз ҳам биттасини топиб, жойлашдик. Мен битта контейнерга тўрт киши жойлашадими десам, булар бир контейнерни иккига бўлган экан. Ярим контейнерда, 2,5 метрга 6 метрлик жойда 4 киши — масофа сақлаш?!
«Шароитлар»ни кўриб лол қолган ватандошлар жанжал кўтариб ташқарига чиқди. «Меҳмонхонага олиб кет бизни», деб талаб қила бошладик. Ваҳоланки, биз билан гаплашаётган одамлар оддий персонал экан. Катталардан, ташкиллаштирувчилардан ҳеч ким йўқ. Дардингни кимга айтасан?
Бақир-чақир, жанжаллардан сўнг бир соатлардан кейин кимдир келди ва меҳмонхоналар ҳали тайёргарлик кўриб улгурмагани ва бор вариантларда 14 кун жойлашиш 1,5 минг долларга айланишини айтди. Овозимиз ўчди. 100 марта: «Илтимос, ичкарига киринглар», деган гапдан кейин ичкарига кирдик.
Контейнер ичида санитария ҳолати жуда расво. Ҳожатхона, душлари кир ва сарғайиб кетган. «Тозалаб беринглар» десак, «Бизга ичкарига кириш тақиқланган», деди. «Латта, дезинфекция воситалари беринглар, ўзимиз тозалаймиз», дедик. Ходимлари «хўп, хўп»дан нари ўта олмади.
Карантин зонасида ҳеч ким бизга тушунтириш бергани йўқ. Ҳамма ўз билганича, тушунганича юрибди. Оқибатда тинмай танбеҳ эшитамиз. Овоз кучайтиргичдан ора-сира карантин зонасида тартиб-қоидани бузганларга чора кўрилиши ҳақида ахборот янграб туради.
Бизни тинчлантириш учун таҳдидлар ҳам қилиб кўришди. Қайсидир ходим: «Бундай жанжал қилаверсанглар, карантин 18-20 кунга чўзилиб кетади, бу ерда ҳеч қандай ҳақингиз ҳам, ҳуқуқингиз ҳам йўқ», деди. Бизни ношукурликда айблаганлари ҳам бўлди.
«Исм-фамилиянг ким, қандай лавозимдасан, бу ер катта холангни зонасимас, бу ер бизнинг пулга қурилган», деган жавоблардан кейин биз эмас, улар тинчиди. Аслида уларни ҳам айблаш ноўрин. Улар ҳам биз билан бир, тенг келган. Уларга ҳам ҳеч ким йўл-йўриқни кўрсатмаган.
Тасаввур қилинг, 100 дан зиёд одам уч нафар ходимни бир вақтнинг ўзида «сув қани?», «сочиқ қани?», «тест қачон?», «багаж қачон келади?», «арзонроқ меҳмонхона топиб беринг», «бу ердан меҳмонхонага кейинчалик чиқиб кетса бўладими?», «у-ми, бу-ми?» каби саволлар билан кўмиб ётибди.
2-кун
Кеча тўрт кишига беш литрлик катта идишда берилган сув тугаган. Уйдагиларга яхши ҳам 10 литрлик идишда уч-тўртта сув олдириб келтирганмиз. Багажларимизни ҳали ҳам беришмади. Контейнердан кимдир: «Дарвоза олдида ётибди багажлар», деганди, ҳақиқатан ҳам ўша ёқда экан, йиғиб, олиб келдик.Иккита багажимга ташқарисидан қулф урганман, учинчисининг замоги очиқ. Ичини текширдим — ҳаммаси жойида. Багажларни олиб қайтаётганимизда қўшни контейнердан бир бобой мўралаб, учинчи ё тўртинчи ходимга қараб, бўш 5 литрлик идишни кўтариб, «сув беринглар», деб бақираётганди. Шу куни сув берилмади.
Қўшнимизнинг контейнеридаги телефони ишламаётган экан. Буви: «Болаларимга мен келдим деб айтишим керак-ку», деб айтаётганди. Телефонимизни дезинфекциялаб бердим. Қайтариб олгач ҳам яхшилаб дезинфекцияладим. Карантиннинг охирги куни шу аёлни тестга натижаси шубҳали деб олиб кетишди.
Жойлашишимизни ҳеч ким ёзиб олмаганди. Ҳар сафар: «Бу ерда неча киши?», деб келиб сўрайверганига, қоғозга исм-фамилияларимизни ёзиб, ташқарига осиб қўйдик. Термометрнинг батарейкаси «ўлиб» қолибди. Батарейка беришмаган экан. Кечаси соат 21:00 ларда келиб, ҳароратни ўлчаб кетишди.
3-кун
Кир ювиш учун санузелдан фойдаланиш керак экан. Суюқ совун бор, лекин кийимларни осишга ҳеч нима йўқ. Уйдан тозалаш воситалари буюртма қилгандим, кечқурун етиб келди. Маскалар ва бир йўла яна иккита катта идишда сув ҳам олдирдим. Швабрани постдан ўтказмабди.Постдан кўп нарсани ўтказмас экан. Сарсон бўлиб постга олиб келмагунингча, нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини билмайсан. Овқатни ҳам ўтказмас экан, чунки посилкалар йиғилмагунича, улар шу иссиқда постда 4-5 соатлаб тураркан. Пост кир ювиш кукунини ўтказмабди, лекин кир ёйиш учун ип ўтипти.
Мавзуга доир: Ўртасаройдаги карантин марказида ўзини осган фуқарода коронавирус аниқланмади, у 15 июнь куни Москвадан келганди
Тест натижаси икки-уч кунда маълум бўларкан. Тест жавобини фақат ижобий натижа бўлгандагина биларканмиз; жавоб мусбат бўлса, «тез ёрдам» келиб, дарров касалхонага олиб кетаркан, хонада қолганларнинг карантин муддати эса яна 14 кунга чўзиларкан. Негадир ишонмадим.
4-кун
Тонгги соат 4:00 да контейнерлар орасидаги йўлакка югуришга чиқдим. Бошқа контейнердан тўрт-беш киши эшикларидан мўралаб чиқишди. Каталакдек жойда сиқилиб кетаркансиз, ичкаридаги 2х4 метр оралиқда югуриш бўлмабди. Бош айланиб кетяпти.Овқатларидан нолишни ношукурлик десам бўлади. Вақтида беряпти. Тушликка ош берилди. Ортиб қолганини қўшимча порция қилиб ҳам беришди. Тушдан сўнг чой билан бир пачкадан «топлёное молоко» печеньеси тарқатишди. Ҳароратни текширадиган ҳамшира опа жуда хушмуомала.
5-кун
Контейнеримиздагилар билан тун соат 3:00 да навбатма-навбат ташқаридаги йўлакчага югуришга чиқдик. Тушгача ухлашни режалаштирдик. Тунда совуқ тушган. Пешинда 10 литрдан сув тарқатишди. Шароитларга кўникяпмиз.6-кун
Тонгда мендан ташқари яна беш нафарча одам югуришга, юришга чиқди. Соат 7:00 ларда ҳароратимизни ўлчаб кетди. Кечқурун ҳароратим 36,8 даражани кўрсатди. Тестларимизнинг натижаси чиққан, лекин жавобини билмаймиз. Ичимизда ҳаловат йўқ. Мавҳумлик ва кутишдан ёмони йўқ.Шу орада хонадошларимиздан бирининг мазаси сал қочгандек. Унинг бурни битгандек, қолган ҳаммамизнинг томоғимиз бироз хириллаган. Қизиб кетган контейнерни совутиш учун кондиционерни паст ҳароратга қўйганмиз — ҳаммасини шундан кўряпмиз. Ҳароратни энди кунига икки марта ўлчашяпти.
Қўшни контейнердагилар бугун очлик эълон қилиб, ичкаридан қулфлаб олишибди. Бақир-чақир эшитиляпти. Карантинга олинганига 20 кундан ошибди. Уларнинг орасидан касалланган чиққан, у ҳатто даволаниб чиқиб ҳам кетибди, лекин буларни касалликка шубҳа бор деб ушлаб туришган экан.
7-кун
Иложи бўлса, контейнерга ўзингиз мулоқот қилганлар билан бирга тушишга ҳаракат қилинг. Баъзилар сал бепарво эди — бошқа контейнердагилар билан сигарет, у-бу нарса алмашган. Хатосини тан олгиси келмайди. «Кемага тушганнинг жони бир» каби гаплар билан ўзини оқлайди.Айтсангиз, «ақл ўргатма!» дегандай ёшини рўкач қилади. Аста-секин ҳамма бир-бирига ёқмай бошлаяпти. Мисол учун, кимдир ярим тунда ҳам баланд овозда кино кўради — ТВнинг овозини баланд қўйиб, ухлаб қолган. Телефон олиб ўтганлар эса ярим тунда Америка билан гаплашяпти.
Тест натижалари бўйича ҳеч кимни олиб кетишмабди. Менимча, аломатлари яққол кўринмагунча алоҳида ажратишмайди. Бу яхши эмас. Тўрт кишининг бирида вирус аниқланса ва уни дарров ажратиб олишмаса, каталакдек кичкина бу жойда қолган уч одам ҳам вирусни юқтириши аниқ.
Шу кунларда Ўртасаройга олиб келинган врач вирусдан оламдан ўтгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Энди врачки шу ерда тўрт кунмикан қаровсиз ётган бўлса, карантинга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.
8-кун
Тонгда югуришга кўпчилик чиқибди. Сал оёқларнинг чигилини ёздирмасангиз, бўғинлар оғриётгандек. Бизнинг қатордаги контейнерлардан тест натижаси ҳаммада манфий чиққанмиш. Ҳеч кимни олиб кетишмади. Лекин ташқаридан эшигимизни қулфлаб кетгандай бўлди.Ичкарида калитлар бор. Чиқсам, қўшни контейнерда кимлардир қарсак чалиб, миллий қўшиқларга рақсга тушишаётган экан. Тушликдан кейин эшигимиз таққилади. Чиқиб қарасам, скафандрдаги битта ходим: «Нос сўрамаганмидиларинг?», деб адашиб келди.
9-кун
Эрталаб 10 литр сув беришди. Бугун сиреналар овозини кўп эшитдик. Бироз хавотирландик. Тест натижаси ёлғондан манфий чиққан бўлса-чи, деган хаёллар ўтди. Вақт энди секинлашаётгандек. Кейин билсак, сиреналар контейнерлар томига чиқиб олганларга таъсир ўтказиш учун қўлланилаётган экан.10-кун
Такрорий тест бўйича қарорни бугун қабул қилишар экан. Ҳамширамиз жуда мулойим. Бошқа ходимлар ҳам карантинга олинганлар билан муносабат қилишни энди ўргангандек. Шароитларга кўникдик. Овқатларни хурсанд бўлиб кутиб оляпмиз.11-кун
Бугун эрталаб ҳарорат текширгани келишмади. Ўтган куни берган бўлса-да, бугун ҳам яна 10 литрдан сув беришди. Кечқурун иккинчи — якуний тестни олишди. Тести бу сафар чет элники ва расмларда кўрганимиздек, сифатли эди. Лаборантлар жуда мулойим. Кайфиятимиз яхши.12-кун
Вақт секин ўтяпти. Сабр тугаб боряпти. Муносабатлар ҳам яна таранглаша бошлагандек. Кимдир кондиционернинг совуқ ҳавоси менга етиб келмаяпти деб ҳароратини пастлатиб қўйганигами, ё югуриб келиб совуқ тунда чўмилиб чиққанимгами, шамоллагандекман. Томоғимда оғриқ бордек.Ишқилиб, ҳароратим кўтарилмаса бўлди. Томоғимни чайяпман. Ҳамшира ҳам айтганди, шамоллашингиз эҳтимоли бор, деб. Кечқурун ҳарорат ўлчагани ҳеч ким келмади. «Иккинчи тест натижаларига қараб, эртага бизни қўйиб юборади», деган гап-сўз тарқалди.
13-кун
«Тестлар яхши чиқди, бизнинг қаторда ҳеч кимда йўқ», деган хабарлар келди. Ҳамма хурсанд ва кетишга тайёргарликка тушиб кетдик. Энди автобус кутяпмиз. Бу ердан қандай чиқиб кетишимиз ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. «Қўлингизга манфий натижа қоғозини беради», дейишди.Айтишларича, карантиндагиларга тўрттача автобус хизмат кўрсатаётган экан. Карантиндан чиқадиган 200-250 одамни, менимча, тўрт-беш соат ташиса керак. Қаерга олиб бориб ташлашлари ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Ташкилий ишлар нолдан паст даражада.
Берган телефонларини соат 10:30 ларда келиб, йиғиб кетишди. Вақт тўхтаб қолгандек. Лекин энди негадир: «Хабаримиз йўқ, биз билмаймиз, сизларга бугун чиқасизлар деб айтмадик», дейишяпти. Ноадекватроқ ходимлардан бири «ҳали тест натижалари чиқмади», деди.
Энди «лабораториядагилар қоғозларни тайёрлаб улгурмаётган экан», деган гап тарқала бошлади. Ишқилиб, тестларни чалкаштириб юборган бўлмасин-да. Кейин яна «транспорт етишмаётгани учун кечикяпти» деган тахминлар ҳам бошланди.
Ноадекват ходим аниқроқ маълумот талаб қилганимиз учун орада бизни ношукурликда ҳам айблади. Уруш-жанжал бошланди. Орада бошқа уруш-жанжал видеоси тарқалган. Кечқурун ҳарбий формада кимдир келди. Саволларимизга жавоб бера олмади. У ҳам бир оддий аскар экан.
14-кун
Икки кундан бери югуришга чиқмадим. Шамоллаганман, бурним сал битган, кўп аксиряпман. Тонг саҳардан Isuzu автобуслар колоннаси ўтганини билдик. Контейнерларга жойлашишимиз қандай жанжал билан бошланган бўлса, чиқиб кетишимиз ҳам шундай жанжал билан ўтяпти.Бизнинг қатордагилар шовқин кўтариб, блокимиз назоратчисини чақирган. Мен шамоллаш аломатлари бўлгани учун ташқарига чиқмаяпман. Тушдан сўнг кўчада бақир-чақир бошланиб кетибди. Чиқсам, Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигидан ходим келиб, тушунтириш олиб бораётганди.
Гапларига қараганда, тест натижалари ҳали етиб келмаганмиш. Лаборатория ҳеч қанақасига улгурмаётган экан. Катталар «қачон жавоб аниқ бўлади?» деган талаб қолиб, «муомала яхши бўлмади» ва шароитдан нолишларга ўтиб кетди. Орада одамлар ўртасида ўзаро жанжал ҳам бўлди.
Кимдир «сув бериб туришди», деганига бошқаси: «Сув умуман бермади, мен уйдан олдириб турдим», деб ичкаридан идишларини кўрсатиб, бақириб кетди. Тартибсизлик ўз орамизда ҳам кучайган. Катталар ўрнак бўлмади.
Кейин бир амаллаб вазиятни қўлга олиб, агентлик ходимига икки соат ичида аниқ маълумот топиб келиб, бизга хабар беришини зиммасига юкладик. Ваъдасида туриб, лекин тўрт соатлардан кейин келиб, эртага эрталабдан бошлаб ҳаммани уйма-уй тарқатиш бошланишини маълум қилди.
Агентлик ходимининг гапларига кўра, биринчи тест яхши чиққан. Кўпчилик эшитмади буни ва хурсанд бўлиб кетди. Баъзилар маскасиз эди. Шу куни баъзи қўшниларимиз ухламади, кўчада гаплашиб ўтирди. Биз вақт ўтказиш учун контейнердошлар билан компьютерда ўйин ўйнадик.
Ташқарига кўп чиқмадим. Аксираман, овозим ҳам сал ўзгарган. Орада маълумот қидириб ташқарига чиққанимда, менга маскангизни ечиб юраверинг, деб мутойиба қилиб ҳам қўйишди. «Агентлик ходими фақат биринчи тестни айтди» десам, гапимга эътибор беришмади.
Ташқаридагилар бир-бирлари билан телефонларини алмашишган, унга бу берган, бундан у олган, асосан сигарет алмашишди. Маскага энди эътибор беришмаяпти. Баъзилар ўзи шундоқ ҳам маскани бурнининг, иягининг остидан тақиб юрарди.
15-кун
Тонг билан кўпчилик кўчага чиқиб олган. Вақт ўтмаяпти. Шамоллаш аломатларим пасайган. Бурним, томоғим анча яхши. Ҳароратим кўтарилмади шу кунларда. Хурсандман. Уйдагиларни огоҳлантириб қўйдим, қўйиб юборишса, уйда маскада юришим ҳақида.Эрталабки соат 08:00 лардан «қачон кетамиз?», деб яна талаб қилишни бошладик. Кўпчилик кўчада. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимига телефон қила бошладик. Кечагина: «Эртага эрталабдан олиб чиқаман», деб ваъда берган одам бугун: «Ҳозир бораман, гап бор», деяпти.
Яна тушунмовчилик, яна мавҳумлик. Ҳеч ким нима бўлаётганини тушунмаяпти. Тушликни соат 11:00 лардан ўтиб берди. Шу билан бироз вақт ўтди, алданиб турдик. Кейин телефон ва паспортларимизни қайтариб беришди ва контейнердан чиқмаслигимизни сўрай бошлашди.
Ходимлар ва ҳамширалар яна скафандрларга бурканиб олишди, кўзойнакларини тақишган. Бироз эскирган маскаларини икки қаватлаб тақиб олишибди. Менимча, улар ҳақиқатан ҳам ҳимоя воситалари билан етарлича таъминланмаяпти. Ишқилиб, «бу ерда нимадир бор», деган хаёл ўтди.
Бизга биринчи тест тоза чиқди дейишганди. Иккинчи тест ҳам яхши чиққан, чунки ҳеч кимни олиб кетишга келмади, деб хурсанд қилганди. Аслида эса бизнинг қаторда вирусга чалинганлар бор экан. Телефонда: «Сизларда 130 та янги ҳолат аниқланди», деган экан.
Бу 130 ҳолат 805 одам сақланаётган блокдами, бутун зонадами ёки Нью-Йоркдан келган рейсдами, бунисини билмадик. Тушга яқин врач ҳамма хонасида бўлиши кераклигини, биринчи галда касаллар, кейин улар билан бир контейнерда бўлганлар, шундан кейингина қолганлар олиб чиқилишини тушунтирди.
Соат 12:00 ларда бизнинг қатордан уч ёки тўрт нафар ҳамюртимизни хонасидан олиб чиқиб кетишди. Улар орасида мен телефон бериб турган ёши катта хола ҳам бор эди. Кечагина «ҳаммада тест натижаси манфий» дейишганди-я. Шунча одам маскасиз мулоқотлар қилганди-я.
Вақт секинлашиб қолди. Айтганидек, бизнинг навбат келди. Тушдан сўнг соат 15:00 ларда секин қўзғала бошладик. Лекин қўлимизга ваъда қилинган қоғозни бермади. Орада олдимизга келиб, «сизлардан ҳам касал чиқдими?», деб сўраб кетди. Ўзлари ҳам билмайдими, деб қўйдик.
Соат 16:00 ларда Isuzu автобуслари келди. Дарвоза олдида одамлар тўпланган. Баъзилар маска тақмаган. Кутдим охирлашини. Isuzu’ларнинг ярми одамга, ярми багажларга тўлди. Мен тўртинчими автобусга чиқдим. Оёқ қўйгани жой йўқ. Ичи тўла. Консерва банкадек.
Автобус бироз юриб тўхтади. Бизни қаерга олиб бориши ҳақида аниқ жавоб йўқ: кимдир Жанубий вокзалга деса, кимдир Собир Раҳимовга дейди. Ҳайдовчи ҳам билмас экан. Вилоятдан келганлар сарсон. Эртадан поездлар қатнови тўхтайди. Автобус турибди бошқаларни кутиб.
Биз: «Яна учта Isuzu қўшилса, колонна тайёр бўлади ва юрамиз», деб ўйлагандик. Ярим соатдан кейин юрдик. Лекин КППга яқинлашишимиз билан автобус яна тўхтади. Нега тўхтадик, нимани ва қанча кутишимизни ҳайдовчи ҳам билмас экан. У ҳам биринчи марта чиққан экан.
Нечта автобусни кутганимизни билмайман. Бош КПП олдида ҳам бир соатча турдик. Кимнингдир чақалоғи бақириб йиғлаяпти. Автобус ичида ҳаво қолмаган, исиб, қайнаб кетди салон. Карантин зонада фақат Uzmobile ишларкан.
Уйдагиларга бизни қаерда кутиб олишни айта олмаяпмиз. Кимдир КППдан чиқиш билан деяпти. Ҳайдовчи: «КППдан кейин тўхтамайман», деганига қарамай, яна ниманидир кутиш учун КППдан ўтиб ярим соат тўхтаб турдик.
Одамлар автобусдан тушиб, олдида дуч келгандан сўраяпти: «Қаёққа олиб боради бизни?», «Вилоятларга кетишимиз қанақа бўлади?», «Соат 19:00 даги поезд юриб кетди» ва ҳоказо. Соат ҳам 19:00 бўлиб қолганди. Ҳар доимгидек ҳеч ким ҳеч нимани билмайди.
Шимолий вокзалга яқинлашганда ҳайдовчи билан бизни Жанубий вокзалга олиб боришини келишдик. Уйдагиларга айтдик. Жанубий вокзал ёнидаги кўприкка келганда автобусимиз вокзалга қараб ўнгга кириб кетди, бошқалар эса Собир Раҳимовга йўл олди.
Умумий қилиб бирон нима дейиш қийин. Лекин:
- тартибсизлик. Ҳар қадамда тартибсизлик ва мавҳумлик;
- каталакдек контейнерда вирусдан сақланишда энг муҳим ҳисобланган жиҳат — масофа сақлашнинг иложи йўқ;
- дезинфекция учун ҳеч нима берилмайди. Ўзингиз билан маска, антисептик олинг;
- йўлингизда учраган ҳамма ўзини бошлиқдай тутади, лекин ҳеч нимани билмайди. Ҳаммасининг кўнгли нозик. Аниқ саволларга жавоб йўқ;
- аниқ маъсуллардан ҳеч кимни тополмайсиз. Блок, зона назоратчиси, каттасига чиқишнинг иложи йўқ;
- зонага тушсангиз, кейин меҳмонхонага кўча олмайсиз.
Изоҳ (0)