UFC’нинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг менежери Али Абдулазиз отасининг ўлимидан сўнг жангчининг профессионал фаолиятини тугатишга қарор қилгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
«Баъзи рус оммавий ахборот воситаларида Ҳабиб фаолиятини якунлаганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Бу мутлақо ёлғон. Ҳабиб отасининг вафотидан сўнг қайғуда. Мен барчанинг бу вазиятни ҳурмат қилишини ва ёлғон хабарларни тарқатмаслигини истайман», — деб ёзди Абдулазиз Twitter’даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Абдулманап Нурмагомедов 3 июль куни ҳаётининг 58 йилида юрак ва мия инсультидан сўнг вафот этди.
Шу йилнинг сентябрь ойида Ҳабиб Нурмагомедов Жастин Гэтжига қарши жангга чиқиши режалаштирилганди. Бироқ UFC президенти Дэйна Уайт россиялик спортчини безовта қилмаслигини ва кераклича вақт берилишини таъкидлади.
Изоҳ (0)