«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.
Коронавирус тарқалган ҳудудларда қанча америкалик истиқомат қилмоқда?
АҚШнинг бош эпидемиологи Энтони Фаучи сешанба куни АҚШ ҳамон коронавирус муаммосининг биринчи тўлқинидан халос бўла олмагани ҳақида баёнот берди, деб ёзади TheWashington Post нашри. Аллергия ва юқумли касалликларга қарши курашиш институти раҳбарининг маълум қилишича, мамлакат COVID-19 билан боғлиқ муаммонинг биринчи тўлқинини орадан анча вақт ўтган бўлса-да ижобий тарафга ўзгартира олгани йўқ.Мамлакат раҳбари вирусга қарши курашиш борасида баландпарвоз гапларни айтаётган бўлса-да, Фаучи раҳбарлиги остидаги экспертлар душанба куни қайси ҳудудда коронавирус энг кўп тарқалгани борасида таҳлил ўтказди. Таҳлил хулосаларида эса мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми коронавирус авжига чиққан ҳудудларда истиқомат қилаётгани маълум бўлди.
Душанба кунининг ўзида мамлакат туманларининг 18 фоизида касалланиш билан боғлиқ ҳолат ўзининг юқори нуқтасига чиққан ва туманларнинг 38 фоизида касалланиш билан боғлиқ ҳолатлар июнь ойида энг авж палласига чиққани маълум қилинган. Мазкур диаграмма коронавируснинг ҳудудлар тақсимотидаги аҳоли орасида касалланиш билан боғлиқ вазиятни намойиш қилади. Жадвалдан аниқки, коронавирус асосан мамлакатнинг шимоли-шарқида, хусусан, Нью-Йоркда апрель ойида энг кенг тарқалганини исботламоқда. Коронавирус эса аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган ҳудудларда кенг тарқалмоқда.
Душанба куни коронавирус кенг тарқалаётган ҳудудларда 71,5 миллион аҳоли истиқомат қилиши очиқланди. Нью-Йорк шаҳри эса апрель ойи ўрталарида коронавирус энг кенг тарқалган ҳудуд сифатида кўрсатилади. Бу шаҳарда апрелнинг 15-санасига келиб коронавирус билан касалланганлар сони 5426 нафарни ташкил қилган.
Теннесси штатидаги Трусдейл округида коронавирус билан боғлиқ вазият ўзининг чўққисига чиқади ва шу ойда ҳудудда ҳар юз минг аҳолига вирус билан касалланганлар 1943 нафарни ташкил қилади. Мазкур ҳудуднинг аҳолиси 10 мингдан камроқлиги эътиборга олинса, ҳар куни 186 нафар шахс вирусга чалингани маълум бўлади.
Бошқача қилиб айтганда, коронавирус пандемияси апрель ойининг ўрталарида Нью-Йоркда ниҳоятда кенг ёйилган. Натижада қурбонлар сони ҳам ошиб кетган. Май ва июнь ойларида ўрта ғарб ва жанубий минтақаларда коронавирус қамоқхоналар ва гўшт қадоқловчи корхоналарда авж олиб кетади.
Бош эпидемиолог Фаучининг билдиришича, АҚШ ҳамон коронавируснинг юқори чўққисига чиққани йўқ. Коронавируснинг иккинчи тўлқини қачон бошланиши ҳам даргумон. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 8 июль санасига кўра, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ ҳолат 3 035 231 тани ташкил қилмоқда, вафот этганлар эса 132 041 нафарга етган.
Ҳиндистон ва Россия дўстона муносабатларининг сабаби нимада?
The Foreign Policy нашрида мақола эълон қилган Эмили Тамкин назарида Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги ўзаро алоқалар бугунги кунда ўтган асрнинг 70 йилларидаги каби эмас. Шунга қарамасдан Ҳиндистон ҳам, Россия ҳам Хитойнинг «кичик укаси» бўлишни истамайди. Шу сабабдан Ҳиндистон ва Россия иқтисодий алоқалар ҳамон «мустаҳкам» эканини кўрсатишига тўғри келади.Яқинда Хитой ва Ҳиндистон ўртасида чегара низолари юз бергани ҳисобга олинса, расмий Деҳли муаммони ҳал этиш борасида Вашингтонга юзланиши турган гап. Бироқ расмий Кремлнинг бу вазиятдаги иштирокини ҳисобга олмасликнинг ҳам иложи йўқдек.
Тарихга назар: 1971 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида 13 кунлик уруш келиб чиқиши натижасида мустақил Бангладеш Республикаси ташкил топди. Уруш бошлангунга қадар Ҳиндистон ҳукумати халқаро жамиятни урушни Покистоннинг агрессив ҳукумати бошлаганига ишонтирмоқчи бўлди. Шарқий Покистондан Ҳиндистонга кўплаб қочоқларнинг кўчиб ўтишини ғарбий ва шарқий Покистон билан дипломатик алоқалар воситасида ҳал қилса бўлар эди. Бироқ ғарб бу масалага бефарқ эди.
Шунда Совет Иттифоқи Ҳиндистоннинг илтижоларига қулоқ солган ягона кучли қудрат сифатида сиёсат майдонига чиқди. 1971 йилнинг август ойида Ҳиндистон бош вазири Индира Ганди СССР ва Ҳиндистон ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида битим имзолайди. Аввалроқ ғарбдаги иттифоқчиларнинг Ҳиндистон гўёки Совет Иттифоқига нисбатан анча «мулойим» сиёсат юргизаётгани борасида айбловларга жавоб тариқасида расмий Деҳли СССРга нисбатан кескин сиёсат тарафдори бўлиб келганди. Аммо сиёсий низолар сабаб Ҳиндистон Покистон билан уруш ёқасига келиб қолагани сабабли Совет Иттифоқининг башарти уруш чиқиб қолгудек бўлса, ҳарбий ёрдамни кўрсатишга тайёр экани борасида таклифни олди. Ғарб жим, Ганди олдида эса Совет Иттифоқидан бўлаётган таклифни қабул қилиш ягона йўл эди.
Бугун Ҳиндистон ва Россиядаги вазият анча ўзгариб кетган бўлса-да, икки мамлакат ўртасида имзоланган 1971 йил битими ҳамон муҳимлигича қолмоқда. Сабаби Ҳиндистонга ёрдам керак бўлган муҳим сиёсий даврларда ғарблик иттифоқчилар сукут сақлаганида, Советлар ўлкаси расмий Деҳлининг жонига оро кирганди. Ўша кезларда АҚШ президенти Ричард Никсон ва миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Генри Киссинжер Ҳиндистоннинг «илтижоларига» бефарқ қараган ва Покистонни ўзларининг муҳим иттифоқчиси дея атаган ҳамда бу сиёсати билан Ҳиндистонни «қочоқларидан» маҳрум қилганди.
2020 йилдаги Хитой ва Ҳиндистон ўртасида келиб чиққан чегаравий низоларда айнан расмий Кремль икки мамлакат ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал қилишда бош-қош бўлди. Ҳаттоки расмий Кремль керак бўлганда Ҳиндистонни янги замонавий ҳарбий қуроллар билан таъминлашга тайёр эканини билдирди.
Ҳиндистон ҳукумати эса бир ватқда таёқнинг икки учини ушлашга — ҳам АҚШ, ҳам Россия билан алоқаларни яхшилашга тайёр. Бу эса ўта муаммоли вазият. Трамп февраль ойида расмий Деҳлига ташриф буюрган бўлса-да, мазкур ташриф якунлари борасида Ҳиндистон ҳукуматида илиқ тасаввурларни пайдо қилмади. Лекин АҚШ тарафи Ҳиндистон ҳамон «муҳим» ҳамкор эканлигини таъкидлади.
Диққатга сазовор яна бир жиҳат шуки, 1998 йилда Ҳиндистон навбатдаги ядро қуроллари синовини ўтказади. АҚШ эса расмий Деҳлини танқид қилади. Кремль эса бу борада Ҳиндистон тарафида эканини маълум қилади. Шу воқеадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳокимият тепасига келган Владимир Путин Ҳиндистон раҳбариятини ҳаттоки Вашингтон Ҳиндистонни ядро мамлакати сифатида таън олиши учун бундай тажрибалар кераклигига ҳам ишонтира олганди.
Бугун Ҳиндистонда аҳоли ўртасида ўтказилаётган ижтимоий сўровларда Россия ишончли ҳамкор экани бот-бот ўз тасдиғини топмоқда. Чунки Россия ўзбошимчалик билан Эрон бош генералини ўлдириш учун буюртма қабул қилмайди, Россия АҚШ каби ҳукумат раҳбари ўзгарганда бирор-бир мамлакатга нисбатан ўз сиёсатини ўзгартирмайди, демак Россия ишончли ҳамкор, АҚШ эса йўқ. Россиянинг Қримни босиб олиши Ҳиндистонни хавотирга солмайди. Россия ўз ваъдаларида собит.
Сеул шаҳри ҳокими ўлими сабаблари
The New York Times нашри Сеул шаҳри ҳокими Пак Вон Суннинг ўлими юзасидан таҳлилий мақола эълон қилди. Мақолада ёзилишича, шаҳар ҳокими қизига сирли хат қолдирган ва жума тонгида ўлик ҳолда топилган. Бундан олдин эса шаҳар ҳокимининг котибаси собиқ раҳбарини жинсий тажовузда айблаб чиққан эди.Шаҳар ҳокимининг мурдаси Сеулнинг шимолий қисмидан топилиши Сеул ва жанубий кореяликларни ларзага келтирган. Сабаби собиқ ҳоким аёллар орасида аёллар ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида танилган, унга нисбатан эълон қилинган жинсий тажовуз айби эса бўлажак сайловларда президентликка даъвогар сифатида кўрилаётган ҳокимнинг жамиятдаги нуфузига салбий таъсир қилиши мумкин эди.
64 ёшли Пак пайшанба кунги расмий иш кунини касаллиги боис бекор қилган эди. Бу воқеа эса котибаси ҳокимга нисбатан жинсий тажовуз ҳақида айблов қилган куннинг эртасига содир бўлади. Шу воқеадан сўнг Пак Вон Суннинг қизи отаси бедарак кетгани ҳақида полицияга маълум қилади. Yonhap агентлиги маълумотларига кўра, Пак Вон Сун уйдан чиқиб кетиш олдидан қизига сирли мактуб қолдиради ва мактубдан тергов органлари ходимлари шаҳар ҳокими ўз жонига суиқасд қилгани ҳақида тахминлар илгари сурилади. Бедарак кетган шаҳар ҳокимини излаш учун 600 га яқин полициячилар ва тез тиббий ёрдам ходимлари жалб қилинади.
Сеул тергов маҳкамасининг катта терговчиси Чхве Ик Су берган маълумотларга кўра, ҳоким Пак пайшанба тонгида таксида чиқиб кетади ва паркка етиб олади. Полициянинг махсус ўргатилган кучуклари шаҳар ҳокимининг таънасини паркнинг тепаликларидан бирида топиб олади. Полиция маълумотларига кўра, ҳокимнинг мурдасида жароҳат излари топилмагани боис уни кимдир ўлдирганига асос йўқ.
Жума куни тонгда Сеул миллий университети шифохонасида Пак тарафдорли «Пак биз сени ҳурмат қиламиз» номи остида намойиш ўтказди. 10 миллион аҳолига эга бўлган Сеулда Пак уч маротаба шаҳар ҳокимлиги сайловларида ғалаба қозонган ва сиёсатчилар орасида Жанубий Корея президенти Мун Чже Индан сўнг президентликка асосий даъвогар сифатида эътироф этилаётган номзод бўлган.
Пак Вон Сун Сеул шаҳри ҳокимлигига келишдан аввал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли ташкилотнинг адвокати сифатида фаолият юритган. Адвокатлик фаолияти даврида мамлакатда катта резонанс келтириб чиқарган жинсий тажовуз борасидаги суд жараёнида катта ғалабага эришган. Шунингдек, Пак Вон Сун Иккинчи жаҳон уруши пайтида япон милитаристларининг кореялик аёллардан фоҳиша сифатида фойдаланганликларига оид маълумотларни тўплаш орқали кореялик аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари билан жамоатчилик эътиборини ўзига қаратган эди.
1980 йиллардаги ҳарбий диктатура пайтида полиция ходимининг намойишчи талаба қизга нисбатан жинсий тажовузга йўл қўйгани ҳолати борасида полиция ходимининг маҳкама жараёнларига тортилишига эришган эди. Сўнгги пайтларда Жанубий Кореяда #metoo акцияси кенг қулоч ёзди. Натижада Жанубий Корея суд маҳкамаларида кўплаб ҳуқуқлари бузилган аёлларнинг ишлари кўриб чиқилди. Аёлларга нисбатан тажовузга йўл қўйган кўплаб сиёсатчилар, профессорлар, диний муассаса раҳбарлари ишдан олинди ёки истеъфо берди. Шу йилнинг апрель ойида Пусан шаҳри ҳокими О Кео Дон ҳам аёлларга нисбатан жинсий тажовуз ўтказгани борасида айбланиб, истеъфо беришга мажбур бўлганди.
Жанубий Корея президенти Мун #metoo акциясини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, сўнгги пайтларда унинг яқин ҳаммаслаклари жинсий тажовузда айбдор деб топилаётгани президент маъмуриятини жиддий хавотирга солиб қўйди. Сабаби Пак ҳам, О ҳам Жанубий Корея демократик партиясининг нуфузли аъзолари сифатида танилган эди. Пак, шунингдек, тенгсизликнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган ва ҳаттоки 2017 йилда импичмент билдирилиши ортидан президентлик лавозимидан кетишга мажбур бўлган Пак Кин Хенинг фаол рақиби сифатида ҳам кўзга ташланганди.
Бугунда Жанубий Корея Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотларига аъзо мамлакатлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш энг юқори бўлган мамлакатлардан бири саналади. Шу билан бирга Жанубий Кореяда эл орасида шарманда бўлиш сабабли ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари камдан-кам учрайдиган ҳодиса ҳам саналади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)