АОКА анжуманлар залида 9 июль, пайшанба куни Республика махсус комиссиясининг карантин чораларини кучайтириш борасидаги қарори юзасидан брифинг бўлиб ўтди. UzReport телеканали орқали тўғридан-тўғри узатилган анжуман давомида мутахассислар томонидан олдинда жиддий вазият турганлиги қайд этилди.
«Бу ерда фақат тиббиёт, ички ишлар, Миллий гвардия, ОАВ, ҳокимликлар ёки муайян соҳа вакиллари ишни қилади дейдиган бўлсак, бўлмайди. Айнан қарс икки қўлдан чиқадиган вазият мана бугун биз учун асқатади. Шундай экан, халқимиз мутахассисларнинг фикрини тинглаб, унга амал қилмас экан, биз вазиятни барқарорлаштира олмаймиз», — дея таъкидлади Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков.
Шунингдек, мутахассис коронавирус Ўзбекистонга олдинроқ кириб келган бўлиши мумкинлигини инкор этмаган.
«Бир жиҳатга эътибор берайлик. Ўзбекистон ҳудудида биринчи бемор 2020 йилда 15 март куни қайд этилди. Бироқ касаллик мамлакатимизга ундан аввал ҳам кириб келган бўлиши мумкинлигини инкор этмаймиз.
Биз биринчи аниқлаган беморимиздан сарҳисобни бошладик. Шундан кейин статистик рақамлар шаклланди», — деди у.
Мавзуга доир: Ҳабибулла Оқилов: «Пневмония ва коронавирус асорати бўлган пневмонияни адаштирмаслик керак»
Изоҳ (0)