Жанубий Кореянинг Кванянг шаҳрида 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси коронавирусга чалингани аниқланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2018 йилдан буён Кванянг шаҳридаги Doowon Corporation корхонасида ишлаб келган ушбу фуқаро меҳнат таътили вақтида Ўзбекистонга келиб, 6 июль куни чартер рейс орқали яна Жанубий Кореяга учиб кетган.
7 июль куни Инчхон халқаро аэропортига учиб борганидан сўнг тест топшириш учун аэропортдан тиббиёт марказига, шундан сўнг ўзини ўзи изоляция қилиш манзилига борган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси ва Кванянг шаҳрининг Соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратида бўлган Ўзбекистон фуқароси шифохонага ётқизилган. Даволанишнинг тахминий даври 10-14 кунни ташкил этади.
Мамлакатда умумий ҳисобда 13 293 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 12 019 нафари соғайган, 287 нафар бемор COVID-19 қурбонига айланган.
Изоҳ (0)