Украина президенти Владимир Зеленскийнинг рафиқаси Елена Зеленская COVID-19 коронавирус инфекциясидан фориғ бўлди ва касалхонадан чиқди. Бу ҳақда Президент офисининг Facebook’даги расмий саҳифасида маълум қилинган.
«Зеленская ўзини яхши ҳис этмоқда ва яна оиласи бағрига қайтганидан бахтли. COVID-19’ни енгиб ўтган Елена икки томонлама пневмония касаллиги асоратларидан даволанишни давом эттиради ва уй шароитида муолажа олади», – дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Елена Зеленскаянинг коронавирус юқтириб олгани ҳақида 12 июнда хабар қилинган. 16 июнда Украина биринчи хоними икки томонлама полисегмент пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизилган, Владимир Зеленский рафиқаси коронавирусга чалингани туфайли махсус иш режимига ўтганди.
Ушбу воқеадан кейин президент Владимир Зеленский ва унинг фарзандлари топширган таҳлиллар манфий натижа кўрсатган.
Владимир Зеленский рафиқасининг касалликдан тузалаётгани ҳақида Twitter’да пост қолдирган ва оила аъзолари билан умумий дастурхон атрофида ўтириш имконияти пайдо бўлганидан хурсандлигини баён қилганди.
Аввал 18 июнда коронавирус билан касалланган Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳам коронавирусдан тузалгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)