Бишкек суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни катта таъсирга эга бўлган жиноятчи Азиз Батукаевни қамоқдан озод қилиш бўйича коррупцияда айбдор деб топди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Суд қарорига кўра, Алмазбек Атамбаев коррупция ташкил қилишда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 11 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, давлат мукофотларидан маҳрум этиш ва мулкни мусодара қилиш жазолари тайинланган.
Аввалроқ Қирғизистонда прокурорлар Атамбаевга 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни таклиф этгани ҳақида хабар берилганди.
Алмазбек Атамбаев 2011—2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида фаолият олиб борган.
2019 йилнинг июнь ойидан Атамбаев дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бунга Қирғизистон парламенти депутатлари томонидан собиқ президентга қарши илгари сурилган ва мамлакат Бош прокуратураси томонидан асосли деб топилган коррупция ва ноқонуний бойлик орттириш бўйича айблов сабаб бўлган.
Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари 2019 йилнинг август ойида Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги резиденциясини штурм билан эгаллаган. Собиқ президентнинг тарафдорлари қаршилик кўрсатган, ҳар икки томондан тахминан 200 киши жароҳат олган, махсус топшириқлар бўйича ҳарбий ҳалок бўлган. Атамбаев қўлга олинган ва коррупцияда айбланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исоқов коррупцияда айбланиб 18 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Изоҳ (0)