Исроилдаги Вейцман институти ва Бен-Гурион университети тадқиқотчилари ўзгалар суҳбатини тинглашнинг ноодатий усулини топди. Бунинг учун деярли ҳар бир бинода бор оддий лампочкадан фойдаланса бўлади, деб хабар қилади ZDnet.
Янги усул Lamphone номини олди — у товуш тўлқинларининг атрофдаги нарсаларга тегиши натижасида ҳосил бўладиган тебранишларга асосланган. Олимларнинг таъкидлашича, ишлаётган лампочкаларда тебраниш милт-милт ёниб ўчишларни ҳосил қилади. Кучли сенсорлар ёрдамида мутахассислар ёруғликнинг ушбу тебранишини ёзиб олиши ва лампочка юзасидаги овоз тўлқинларини ўқиши мумкин.
Аммо Lamphone’нинг ўзига яраша жиддий чеклови бор. Масалан, лампочка овоз тўлқинларига тўғридан-тўғри очиқ бўлиши керак. Кўп ҳолларда ёруғлик манбайи плафонларга яширинган ёки бошқа чекловлар бўлади, шу сабабли аксарият жойларда ўзгаларни тинглашнинг янги усули фойда бермайди. Агарда лампочка тўлиқ очиқ бўлса, телескоп ва электрооптик датчик ёрдамида исталган масофадан туриб, лампочкадаги ёруғлик ўзгаришини ёзиб олиш мумкин.
Тажриба давомида олимлар 25 метр узоқликда жойлашган офисдаги овозларни ёзиб олишга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)