Туркманистонда аҳоли орасида ўткир пневмония билан касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, Ашхободдаги юқумли касалликлар шифохонаси ўткир пневмонияга чалинган беморлар билан тўлиб кетган. Расмийлар эса мамлакатда коронавирус йўқлигини таъкидлашда давом этмоқда. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.
Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш маркази ходимининг маълум қилишича, касаллик тарқалиши жиддий тус олмоқда, баъзи беморлар ўта оғир аҳволда касалхонага олиб келинмоқда, ўлим ҳолатлари ҳам мавжуд.
Ашхободдаги юқумли касалликлар шифохонаси ходимларининг маълум қилишича, яқинда кекса эркак жуда оғир аҳволда нафас олишдаги қийналиш билан олиб келинган. Уни рентген ёрдамида текширмоқчи бўлишган, бироқ беморнинг аҳволи шу даражада оғир бўлганки, у рентген столида вафот этган. Ходимларнинг айтишича, бу COVID-19 касаллигидан бошқа нарса эмас.
Шифокорларнинг фикрича, бу касалликнинг коронавирус эканлигига шубҳа йўқ. Бироқ тест ўтказишга ва умуман, коронавирус ҳақида гапиришга рухсат берилмайди. Шифокорлар кекса кишиларни кўчага чиқишдан сақлаш ҳақида огоҳлантирмоқда.
Аввалроқ Туркманистон касалхоналарига коронавирусга чалинганлар келаётгани ҳақида хабарлар берилганди. ЖССТ эса бирорта ҳам коронавирус ҳолати аниқланмаган Туркманистонда ҳукумат берган маълумотларга ишонишини билдирганди.
Изоҳ (0)