1946 йилнинг 1 июнь куни Руминия диктатори Йон Антонеску Бухарест трибуналининг ҳукмига кўра қатл қилинди. Руминия тарихида Йон Антонеску катта из қолдирган. Бугунги кунда Руминияда унга бўлган муносабат ҳам турлича. «Дарё» Иккинчи жаҳон уруши давридаги энг ёрқин фигуралардан бири ҳақида маълумот беради.
Ҳарбийнинг фарзанди
Йон Антонеску 1882 йил 2 июнь куни Руминиянинг Питешти шаҳрида катта ер эгаси бўлган маҳаллий ҳарбий маъмурият капитани оиласида туғилган. Ҳарбий офицерлар тайёрлайдиган мактабни тугатгач, Антонеску кичик лейтенант унвонини олади. Отасининг бойлиги Йонга Франциянинг энг яхши ҳарбий коллежларидан бирида таҳсил олишга имкон берди, шундан сўнг ёш офицер Руминия армиясига қўшилди. Биринчи жаҳон уруши жангларида Антонеску алоҳида ажралиб турмаган бўлса-да, 1917 йилда генерал Алексеев билан фронтнинг жанубий қисмида рус қўшинлари билан ҳамкорлик қилиш режаларини тузиб чиқиш учун Петроградга келган.Карьера зинасидаги парвоз
Антонескунинг Биринчи жаҳон урушидан кейинги карьераси жуда муваффақиятли ривожланди. 1920 йилларнинг бошларида Антонеску полковник унвонини олди. 1923—1926 йилларда дипломатик корпус сафида ҳарбий атташе сифатида хизмат қилди. 1926 йилда отлиқ аскарлар мактабини бошқарди, 1927 ва 1931 йилларда Олий ҳарбий мактаб бошлиғи бўлиб фаолият юритди, 1928 йилда Миллий хавфсизлик вазирининг котиби бўлиб, қўшинларда турли лавозимларни эгаллади — полк ва бригада қўмондони ва кўп ўтмай генерал рутбасига кўтарилди.Генерал унвонини олгач, аввал Римдаги, кейин Лондондаги Руминия элчихонасига ҳарбий атташе лавозимига юборилди. Ватанига қайтиб, генерал Антонеску ҳарбий вазирликда бир қатор юқори лавозимларни эгаллайди ва 1933 йилда Бош штаб бошлиғи бўлади. Бир йил ўтгач Антонеску ўз қўмондонлиги остига бутун бошли дивизияни олади ва 1937 йилда миллий мудофаа вазири бўлади.
Уй қамоғи
1939 йил март ойида Руминия ва Гитлер Германияси ўртасида шартнома имзоланади, унга мувофиқ, Руминия 250 миллион марка миқдоридаги немис кредитидан фойдаланиб, Германия билан қўшма нефть компаниялари ташкил этиш ва ўз мамлакатининг иқтисодиётини Германия эҳтиёжларига мувофиқ ривожлантириш мажбуриятини олди.1940 йил Руминия учун қора йил эди. Нацист Германиясига симпатия билдирувчи Руминия қироли Кароль II Германия ташқи сиёсати тармоқларига тобора чуқурроқ кириб боришни бошлайди. 1940 йил июнь ойида СССР ҳукумати Бухарестга нота юборади ва Бессарабия ҳамда Шимолий Буковина ҳудудларини қайтариш масаласини дарҳол ҳал қилишни талаб қилади. Ўша пайтда СССР билан дўстона алоқаларда бўлган Берлин Кароль II га ушбу талабларни бажаришни маслаҳат берган.
1940 йил июлда Антонеску қиролга ушбу ҳудудларнинг СССРга қайтишига қарши норозилик хатини юборди, чунки бу ҳудудлар Россия империяси қулаганидан кейин Руминия томонидан босиб олинган ва 1918 йилда қўшиб олинган. Қиролга хат ёқмайди ва Антонеску уй қамоғига олинади.
«Сизнинг вақтингиз келди»
30 август куни Германия ва Италия ташқи ишлар вазирлари Биринчи жаҳон урушидан кейин Руминияга ўтган Шимолий Трансильванияни Венгрияга, Жанубий Добруджани эса Болгарияга қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилинганини эълон қилади. Натижада Руминия бир йил ичида уч миллион этник руминлар истиқомат қиладиган ўз ҳудудининг учдан бир қисмини йўқотади.Руминия йўлларида собиқ ҳудудларидан ҳайдалган минглаб қочқинлар пайдо бўлади. Мамлакатда тартибни тиклаш учун Кароль II «қаттиққўл» ҳукумат тузишга қарор қилади. Шунда румин монархининг ёдига ўзи ҳукуматдан четлатган генерал Антонеску тушади. «Фақат сиз ҳақиқий ватанпарварсиз, — дейди қирол келажакдаги диктаторга. — Сизнинг вақтингиз келди. Ушбу қийин лаҳзаларда сизга ва ҳукуматга ишонаман».
1940 йил 5 сентябрда Йон Антонеску бош вазир этиб тайинланди. Бироқ Кароль II нинг Антонеску ёрдамида ўз тожини сақлаб қолишга бўлган умидлари амалга ошмади. Эртаси куни Антонеску Кароль II дан ўғли Михай фойдасига тахтдан воз кечиб, мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Фашистик Германия сиёсатини қўллаб-қувватлаган ушбу генерал Гитлер учун айни муддао эди. Октябрь ойида Бухарестга румин армиясини немис модели бўйича қайта қуриш вазифаси топширилган немис ҳарбий миссияси етиб келади.
СССРга қарши уруш
1940 йил ноябрда Антонеску Берлинга келди. У уч томонлама пактга қўшилиш тўғрисида шартномани имзолади ва СССРга қарши урушда қатнашишга рози бўлди. Руминия немис қуролли кучлари ихтиёрига ўнта дивизия жойлаштириш мажбуриятини олди.1941 йил 22 июнь тонгида Руминия қўшинлари ҳам СССРга бостириб киришда фаол қатнашди. Узоқ давом этган жанглардан сўнг, 27 июль куни Руминия ва Германия бўлинмалари Бессарабия ва Шимолий Буковинани эгаллаб олди. Руминиялик сиёсатчиларнинг аксарияти буни ноқонуний эгаллаб олинган ерларнинг қайтарилиши деб ҳисоблади ва СССРга қарши уруш шу билан тугашига умид қилди.
15 август куни Одесса шаҳри учун бўлган жангларда руминияликлар катта йўқотишларга дуч келди ва чекинишга мажбур бўлди. Асосий жангларда Руминиянинг иккита дивизияси бутунлай йўқ қилинди. Одессага ҳужум пайтида Руминия армиясидан 28 минг нафар аскар ҳалок бўлган, 90 минг киши яраланган ва 14 минг киши бедарак йўқолган.
1942 йил 19 ноябрда Совет Иттифоқининг қарши ҳужуми пайтида Қизил Армиянинг 21 ва 5-армия қўшинлари Руминиянинг 3-қўшин мудофаасини бузиб, генерал Паулюс гуруҳининг орқа томонига ҳужумга ўтишди. Эртаси куни 55 ва 57- совет қўшинлари Сталинграддан жануброқда жойлашган Руминия 4-армиясининг олд қисмига ҳужум қилди. Совет қўшинлари 30 минг румин аскарини асир олди. Умуман олганда, Сталинград жанги давомида руминияликлар 150 мингдан кўпроқ одам йўқотди. Бу шарқий фронтда жанг қилаётган барча Антонеску қўшинларининг тўртдан бир қисмини ташкил этарди.
Жиддий мағлубият
Сталинграддаги мағлубиятдан олдин маршал Антонеску Руминия қўшинларини Гитлернинг розилигисиз Россиядан олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқлигини, чунки барча темир йўл коммуникациялари Германия қўлида эканини айтиб, қўшинларни эвакуация қилишни рад этди. Қақшатқич мағлубиятга учрагач эса Йон Антонескунинг ўзи шарқий фронтда қатнашган Руминия бўлинмаларининг ярмини ўз ватанларига эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Тез орада Россияда Руминиянинг атиги 30 та дивизияси қолди. 1943 йил охирига келиб, шарқий фронтда Руминиянинг 18 та дивизияси бутунлай йўқ қилинди ва еттита дивизия Қримда қамалда қолиб кетди.Ёш қиролнинг қасоси
Шу орада ёш қирол Михай 1944 йилнинг баҳорида Антонескудан қутулишга қарор қилади. Бу пайтга келиб Совет қўшинлари аллақачон Руминия чегараларига яқинлашаётган эди. Кўп ўйланган қирол Руминия коммунистлари билан алоқа ўрнатишга қарор қилади. Қиролнинг ноқонуний РКП (Руминия коммунистик партияси) вакиллари билан учрашувида ҳарбий диктатурани ағдариш, Германия билан иттифоқни бузиш ва Руминияни бутун ҳарбий потенциали билан анти Гитлер коалицияси томонига қўшилиш бўйича режа ишлаб чиқилади.24 август куни қирол Михай тож кенгашини чақириш баҳонасида маршал Антонеску ва унинг Вазирлар Маҳкамасини саройга таклиф қилади. Саройда маршал ва унинг ҳукумати аъзолари ҳибсга олинади. Антонеску ҳибсга олинганидан бир соат ўтгач, қирол радиода халққа мурожаат қилади. Шу куни Гитлернинг буйруғига биноан, немис самолётлари Бухарестга бостириб кирди. Мамлакатда руминлар ва немислар ўртасида жанглар бошланди. Алоҳида жанговар гуруҳларга бўлинган ҳолда немис қўшинлари ғарб томонга ўтишга мажбур бўлди. 30 август куни Совет ва Руминия қўшинлари немисларни Плоешти туманидан ҳайдаб чиқариб, Учинчи Рейхни асосий нефть манбайидан маҳрум қилди. Бир ҳафта ўтгач, Руминия немис қўшинларидан бутунлай тозаланди. 12 сентябрда Совет—Руминия сулҳи имзоланди.
Ҳукм
Антонеску ва унинг вазирлари устидан маҳкама 1946 йил 6 майда Бухарест Халқ трибуналида бошланди. Илгари сурилган айбловлар орасида энг асосийлари: Руминия халқининг манфаатларига хиёнат қилиш, мамлакатга Германия қўшинларининг киритилиши, Учинчи Рейхнинг манфаатлари йўлида унга иқтисодий ва сиёсий бўйсуниш, легионерлар билан ҳамкорлик қилиш, сиёсий рақибларни йўқ қилиш, контцентрацион лагерлар ташкил этиш ва Совет Иттифоқига қарши урушда қатнашиш эди. 1946 йил 17 майда ҳарбий суд Йон Антонескуни ўлимга ҳукм қилди. Орадан икки ҳафта ўтгач, маршал отиб ташланди.Юрий Николаевич Лубченковнинг «Иккинчи жаҳон урушининг 100 та буюк саркардалари» китоби асосида Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)