Ярим оғир вазн тоифасида UFC чемпиони Жон Жонс промоушен президенти Дэйна Уайтни танқид остига олди.
Аввалроқ UFC раҳбари дунёнинг энг яхши жангчиси оғир вазн тоифаси вакили Френсис Нганнуга қарши кечадиган жанг учун ақлга сиғмас пул сўраганини айтганди. Бироқ Жонснинг сўзларига кўра, томонлар гонорар миқдорини муҳокама қилмаган.
«Бошлиғинг камера қаршисида ёлғон гапираётганини томоша қилиш қизиқ бўларкан. Биз гонорар миқдорини келишишгача бормагандик, чунки менга етарлича пул ишлаб олишим мумкинлигини билдиришди. Мен ҳеч қанақа рақам ҳақида гапирмадим.
Оғир вазн тоифасига ўтаётганимда ҳам шартномамни ўзгартиришни истамадингиз, ҳеч бўлмаса виждонан йўл тутинг ва мухлисларга тўғри муносабатда бўлинг», — дейди Жонс.
Аввалроқ Жонс оғир вазн тоифасига ўтиш ва Нганну билан жанг қилишга тайёрлигини айтганди. Ўз навбатида камерунлик спортчи ҳам бу чорловни қабул қилганди. Вақт ўтиб Жонс ташкилот билан келиша олмагани ва ярим оғир вазнда қолишини маълум қилди.
Изоҳ (0)