Андижон вилоятининг 23 май куни бир кишида коронавирус аниқланган Избоскан туманида 25 май куни «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида пиёда юриш тадбири ташкил этилган эди. Вилоят ҳокимлиги ушбу акция карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассисларининг махсус назорати остида ташкил этилганини билдирганди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда бунга СЭС рухсат берган экан, деган хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда бу хабарларни рад этди.
Унинг айтишича, оммавий тадбирлар Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорлари билан бекор қилинган ва бу каби тадбирларни ўтказишга рухсат бериш Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда унинг ҳудудий марказлари ваколатига кирмайди.
Аммо агентлик коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик, эпидемияга қарши, шунингдек, инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги зарур талаб ва тавсияларни ишлаб чиқади.
«5000 қадам лойиҳаси оммавий бўлмаслиги керак. Яъни одамлар жамоавий юришлари эмас, балки ҳар бир шахс карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ва ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ўзи учун кунига 5000 қадам пиёда юрса, соғлиғи учун фойдадан холи бўлмайди», — деган Ботиржон Қурбонов.
Изоҳ (0)