«Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе қишда жамоа жамоа сафига келиб қўшилган Эрен Дердийок ва Эммануэль Адебайорнинг ўхшамай қолган трансфери ҳақида фикр билдирди.
«Адебайор билан декабрда Лондонда учрашдик. Уни Тошкентга келиш ва барчасини ўз кўзи билан кўришга кўндирдик. Ахир фақат молиявий томон эмас, бошқа жиҳатлар муҳим: яшаш, машғулот ва ўйин ўтказадиган жой. Бироқ охир-оқибат келишув ўхшамади — у узоқ парвозларни ёқтирмайди, ҳатто бироз қўрқади ҳам.
Адебайор йилига 1,5 миллион евро маош сўради. Дердийокники ундан бир неча баробар кам. Эрен билан яхши таниш бўлишимга қарамасдан уни кўндириш қийин бўлди. Биринчи навбатда у оиласи ҳақида қайғурди. Туркияда сўнгги вақтларда деярли ўйнамаётган эди. Бундай шароитда қарор қабул қилишинг керак: сен ёки футболчисан ёки шунчаки пул топадиган бизнесмен. У терма жамоага қайтмоқчи, Европа чемпионатларида ўйнашни истайди. Ўйлашимча, у «Пахтакор»га ўтиб тўғри қилди: Осиё Чемпионлар Лигаси, яхши шароит», — дейди Арвеладзе.
Дердийок 2008—2017 йиллар оралиғида Швейцария терма жамоасида тўп сурган. Клуб миқёсида 31 ёшли форвард «Базел», «Байер», «Ҳоффенҳайм», «Галатасарой» ва бошқа бир қатор жамоалар либосини ҳимоя қилган. «Пахтакор»га келишдан аввал у Туркиянинг «Гўзтепе» клубида ҳаракат қилаётганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Адебайор «Пахтакор»да пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)