Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 11 май куни соат 20:30 ларда автобус велосипедчини уриб юборди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.
Ҳодиса Тошкент—Душанбе автомобиль йўлининг 63-километрида юз берган. 1983 йилда туғилган Ғ.М. бошқарувидаги Isuzu автобуси Сирдарё вилоятидан Янгийўл шаҳри томон ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган транспорт воситалари ёритгичлари йўлни кўриш имкониятини камайтиргани сабабли Ғ.М. бир йўналишда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган 1987 йилда туғилган А.Ш.ни уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.
33 ёшли А.Ш. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ЙҲХББ ҳайдовчиларга мурожаат қилиб, ҳайдовчилардан шаҳар ҳудудида транспорт воситаси тезлигини меъёридан оширмаслик, яқинни ёритиш чироқларидан фойдаланиш, пиёда ва велосипедчиларга эътиборли бўлишни сўраб қолади.
Маълумот учун, 2020 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонда содир бўлган 802 та ЙТҲдан 7 таси қарама-қарши келаётган автомобиль чироқларининг нури ҳайдовчининг кўзига тушиши оқибатида рўй берган.
Изоҳ (0)