Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май, душанба куни, Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг коронавирус пандемиясига қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатларда ушбу хавфли касаллик тарқалишининг, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларга салбий оқибатларини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида қабул қилинган қарорларга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари раҳбарларининг ташкил этилган кўп томонлама маслаҳатлашувлари натижалари юксак баҳоланди.
Президентлар Ўзбекистонда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Мулоқот якунида ўзаро товар айирбошлашнинг юқори суръатини сақлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кенгайтириш, устувор инвестиция ва инфратузилма, шу жумладан, минтақавий аҳамиятдаги лойиҳаларни илгари суришга қаратилган биргаликдаги ишларни фаол давом эттиришга келишиб олинди.
Суҳбат чоғида қатор халқаро масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали бўлиб ўтган мулоқотда Сардоба сув омборида юз берган ҳолатни муҳокама қилганди.
Маълумот учун, коронавирус пандемияси бошланганидан буён Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш масаласида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон, Тожикистон, Жанубий Корея ва Туркия президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан ҳам коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилган эди.
Изоҳ (0)