Жанубий Кореяда пандемия бошланганидан бошлаб биринчи бор ўтган бир сутка давомида мамлакат ичида COVID-19 билан касалланиш бўйича ҳеч қандай ҳолат қайд этилмади. Қайд этилган тўртта янги ҳолат ҳам четдан кириб келган ва карантин текшируви вақтида аниқланган. Бу ҳақда Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси марказига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Маълумотларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 10 765 кишига етган, 9059 киши соғайишга муваффақ бўлган. Мамлакатда COVID-19 қурбонлари сони 247 кишини ташкил этмоқда.
Жанубий Кореяда бир ҳафтадан буён бир суткада тахминан ўн нафарга яқин касалланиш ҳолати қайд этилмоқда, 24 апрель куни ушбу кўрсаткич 6 кишига тушган эди. Касалликка чалиниш ҳолатлари камая бораётгани сабаб мамлакатда ижтимоий масофаланиш режими 5 майга қадар узайтирилган. Боғлар ва табиат қўйнида дам олишга мўлжалланган жойлар қайта очилган, спорт, диний ва кўнгилочар муассасаларнинг чекланган фаолиятига рухсат берилган. Фуқаролардан олдингидек одамлар тўпланадиган жойлардан қочиш, зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслик ва профилактика чора-тадбирларига риоя қилиш сўралмоқда.
Аввалроқ Жанубий Корея коронавирусга қарши курашда ғалаба қозонган кам сонли давлатлар орасидан ўрин олгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)