COVID-19 коронавирус пандемияси яқин вақтларда тугамайди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ». Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилган.
«Пандемия ҳали тугалланишдан йироқ. ЖССТ Африка, Шарқий Европа, Лотин Америкаси ва Осиёнинг айрим мамлакатларида касалланиш ортиб бораётганидан ҳали ҳам хавотирда», — деган Гебрейесус журналистлар билан мулоқотда. Унинг айтишича, ушбу давлатларда тестдан ўтказиш имконияти кам бўлгани учун қайд этилган касалланиш ва ўлим даражалари ҳаммаси ҳам маълум қилинмагани сабабли уларда бу кўрсаткич паст чиқмоқда.
ЖССТ раҳбари, шунингдек, чеклов чораларини юмшатаётган Европа давлатларига қарата мурожаат қилиб, «Европада янги касалланиш ҳолатлари камайгани сабабли чеклов чоралари юмшатилаётган экан, биз касалланиш ҳолатлари камайишда давом этиши учун давлатларни COVID-19’ни аниқлаш, тестдан ўтказиш, изоляция қилиш ва ҳар бир алоқаларни кузатишга чақиришда давом этамиз», — деган у.
Аввалроқ ЖССТ коронавирус пандемиясини вакцинасиз тўхтатиб бўлмаслигини маълум қилганди. Ҳозирда дунёдаги ўнлаб лабораторияларда вакцина яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 3 миллиондан ошиб кетди. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 1904 нафарга етди.
Изоҳ (0)