Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида қариндошлари томонидан бир ойдан бери вафот этган деб ҳисоблаб келинган 74 ёшли аёл шифохонада ҳушига келди. Бу ҳақда Comercio нашри хабар берди.
27 март куни ўлими қайд этилган Альба Марури Гранда Гуаякилдаги шифохонада ўзига келди ва синглисидан уйга олиб кетишни сўради.
Шифокорлар Грандани ўлган деб топишидан аввал унинг ҳарорати 42 даражага кўтарилган ва нафас олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Тиббиёт ходимлари унинг исмини адаштириб юбориб, аёлнинг оиласига у вафот этгани ҳақида хабар берган пайтда 74 ёшли Альба ҳушини йўқотиб бўлганди.
Саккиз кундан сўнг қариндошлари Альбага тегишлилиги айтилган жасадни кремация қилган. Оила дафн маросими ўтказиш учун Эквадорда коронавирус туфайли эълон қилинган фавқулодда ҳолат режими бекор қилинишини кутган ва бу вақт давомида бошқа одамнинг хокини сақлаб келган.
Энди аёлнинг оиласи дафн этиш ва кремация билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун касалхонадан 2 минг доллар талаб қилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эквадорда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 22 719 та ҳолат қайд этилиб, 576 киши касалликдан вафот этган.
Изоҳ (0)