Японияда коронавирусга чалинганлар сони бир суткада 336 кишига кўпайиб, мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 8739 кишига етди. Токиода бир суткада 161 кишида коронавирус аниқланган. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, шулардан 712 нафарини Diamond Princess кемасининг собиқ йўловчилари ва экипаж аъзолари ташкил қилади. Улар карантин сабабли бир ярим ойдан кўпроқ вақт давомида Йокогама шаҳри портида қолиб кетган эди.
Японияда касалликдан 169 киши вафот этган, 158 нафар беморнинг аҳволи оғир. Мамлакатда касалликдан тузалганлар сони 1497 кишига етган.
Эслатиб ўтамиз, Япониянинг баъзи ҳудудларида 7 апрелдан бошлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бутун дунёда коронавирусга чалинган беморлар сони 1,95 миллион кишига етди, 119,8 минг киши касаллик қурбонига айланган, 458,5 минг киши тузалган.
Изоҳ (0)