Қўқонда коронавирус инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган карантин постларининг бирида автомобиль ўғирлаб кетаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Вилоятнинг Фурқат туманида яшовчи фуқаро К.Э. 3 апрель куни туман ИИБга мурожаат қилиб, ҳовлисидаги гаражда турган «Жигули» (ВАЗ-2106) машинаси номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилганлигини билдирган.
Шу куни Қўқон шаҳар Фурқат кўчасида ташкил этилган карантин постида шаҳарга киришга уринган ВАЗ-2106 машинаси тўхтатилган. Ҳайдовчининг шубҳали ҳаракатларидан сўнг, ЙПХ инспектори машина ҳақида суриштирган.
Суриштирув давомида Фурқат туманида яшовчи фуқаро Э.К.га тегишли ушбу машинани унинг маҳалладоши С.Р. томонидан олиб қочилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Фурқат тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган, С.Р. қўлга олинган.
Изоҳ (0)