Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 8 апрель Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра 14 нафарга ошиб, 534 кишига етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Аввалроқ 7 апрель Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 16 кишига ошиб, 520 нафарга етгани маълум қилинганди.
Ўзбекистонда 15 мартдан (мамлакатда касаллик илк бор аниқланганидан) бери 30 киши ундан соғайди, икки киши касаллик қурбони бўлди. 7 апрель соат 10:00 ҳолатига Тошкентдаги камида 23 беморда пневмония аломатлари кузатилаётган эди, етти беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланган, улардан бири ўта оғир аҳволда экани айтилган эди.
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони сезиларли ошиб бормоқда. 3 апрель куни 22 кишида касаллик аниқланган бўлса, 4 апрель куни 39 киши, 5 апрель куни 76 киши, 6 апрель куни эса 115 киши касалликка чалингани маълум қилинди (бу — кунлик рекорд). 7 апрель куни аниқланган беморлар сони 63 нафарни ташкил этди.
Ўзбекистондан ташқари Австрия, Арманистон, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Покистон, Россия, Таиланд ва Қозоғистонда ҳам жами 23 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалинган, улардан уч нафари (барчаси АҚШда) вафот этган. Вафот этганлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Самарқандий эди.
Изоҳ (0)