Ўзбекистонлик синоптиклар апрель ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди, деб ёзмоқда «Ўзгидромет».
Қайд этилишича, апрелдаги ёмғирлар, асосан, локал характерга эга бўлади. Шундай, 3 апрелда фақат республиканинг шимоли — Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида ёмғир ёғиши кутилмоқда. 4 апрелда жануби-ғарбий ҳудудлар — Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида, 5—6 апрель кунлари эса шимолий ҳудудлар ва Фарғона водийсидан ташқари республиканинг қолган ҳудудларида, айрим жойларда, ёмғир ёғади. Шу даврда ҳарорат 17-22 даража илиқ атрофида, айрим кунларда 23-25 даражагача илиқ бўлади.
Кейинчалик қисқа танаффусдан кейин Ўзбекистонда яна ёмғирли давр бўлиши кутилмоқда. Ундан сўнг апрелнинг охиригача қуруқ ва илиқ даврлар об-ҳаво нобарқарор бўладиган ёмғирли давр билан алмашиб туради. Ёмғирлар, асосан, қисқа муддатли бўлиб, момақалдироқ бўлади ва шиддатли шамол эсади.
Кундузги ҳарорат 25-25 даражадан 25-30 даража иссиққача ўзгариб туради, апрель ойининг охирги ўн кунлигида ҳаво ҳарорати 30-33 даражагача кўтарилади. Айрим кунларда ёмғир ёғаётганда ҳарорат 13-18 даражагача пасайиши мумкин.
«Ўзбекистонда апрель ойи йилнинг энг ёғинли ойларидан бири ҳисобланади. Одатда, апрелга қараганда фақат март ойи ёғинлар бўйича устун туради. Ўтган 2019 йил апрель ойи эса энг ёғинли, мамлакатимизнинг айрим минтақаларида эса Ўзбекистондаги бутун метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг ёғинли деб қайд этилган», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)