Испанияда коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони 10 минг кишидан ошди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Twitter’даги расмий саҳифасида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Испанияда 2 апрелга келиб, коронавирус юқтириб олганлар сони 110 200 кишидан ошган, 26 700 дан ортиқ бемор тузалишга муваффақ бўлган.
Қайд этилишича, мазкур мамлакат 2 апрель, пайшанба куни, коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати бўйича ўз рекордини янгилаган, бир суткада коронавирусдан 950 нафар бемор вафот этган. Испанияда ўлим даражаси юқорилиги ортидан интенсив терапия бўлимларининг ишида ҳам юклама ортган, ҳозирги пайтда мазкур бўлимларда 6092 нафар бемор ётибди.
Испанияда мазкур инфекцияни юқтириб олган биринчи бемор февраль ойида аниқланган, у германиялик сайёҳ бўлган. Сайёҳ билан бирга бўлган гуруҳ Канар оролларида карантинга олинган, беморнинг таҳлил натижалари ижобий чиққач, у изоляция қилинган.
Аввалроқ Испаниянинг 86 ёшли маликаси Парижда коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Airbus авиакомпанияси Испания касалхоналари учун махсус ниқоблар ишлаб чиқаришни бошлади.
Изоҳ (0)