Австралияда Наггет лақабли ит карантин пайтида жажжи қизалоқнинг ёрдамчисига айланди, деб ёзади Метро.
Қайд этилишича, Наггет Виктория штатида Сара Жейн ва унинг қизи Ава билан бирга яшайди.
Ўтган йили Ава қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушиб қолди. Сўнг унинг буйракларида муаммо кузатилди. Шунинг учун қизчанинг ота-онаси пандемия даврида уни ҳимоя қилиш учун қатъий чораларни кўрмоқда. Ава умуман кўчага чиқмаяпти ва яқин дугонасини жуда ҳам соғинмоқда.
Бир куни Наггет Аванинг олдига бўйинбоғига боғланган қоғозча билан келди. Бу унинг энг яқин дугонаси Сианнадан хат эди. Ушбу мактуб қизча ва унинг ота-онасини жуда таъсирлантирди.
«Ава, биламан, биз ҳозир кўриша олмаймиз, лекин биз бир-биримизга Наггет орқал хат жўната оламиз. Сабабини билмайман, аммо итлар вирус ташимайди. Сен ҳам менга хат ёза оласанми, соғ-омонлигингни билишим учун? COVID-19 бир куни кетади ва ҳаммаси яхши бўлади», — деб ёзади Сианна ўз мактубида.
«Бу хат ҳозирги оғир дамларда юзимизда табассум уйғотди. Болалар шундай беғуборки», — дейди Сара Жейн.
Қизчалар бир муддат ит орқали хат алмашиб турди. Улар қоғозга бир-бирига шеър ёзиш ёки расм чизиш каби топшириқлар ёза бошлади.
Кейинчалик, қизчаларнинг ота-онаси махсус почта қутисини ўрнатди. Чунки Наггет хат ташишга эриниб қолганди.
Изоҳ (0)