Ўзбекистонда 28 март соат 15:00 ҳолатига коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 16 тага ошиб, 104 нафарни ташкил этмоқда. 28 март куни 39 ёшли бир нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди.
Вафот этган бу бемор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги келтирган маълумотларга кўра, Франциядан Ўзбекистонга биринчи касалликни олиб келган бемор аёл билан мулоқотда бўлган. Вазирлик у айнан қачон, қаерда биринчи бемор билан мулоқотда бўлганига аниқлик киритмаган.
«У ўз касаллигини дастлаб билган бўлса-да, ўзи врач бўла туриб, юртимизда олиб борилаётган шунча тарғибот ишларига қарамай, шифокорларга мурожаат этмай, уйида яширинча ўзича даволанишга урингани маълум бўлган», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.
У касалликнинг оғир даври бошлангандан сўнггина, 26 март куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган. 27 март куни Вирусология илмий-текшириш институтига ўтказилган.
«Шу ўринда барчани ташвишга соладиган бир жиҳат бор: бу бемор уйида бўлган пайтда қанча одамлар у билан мулоқот қилган, мулоқотда бўлиб касалликни юқтириб олганлар ўз навбатида яна қанча инсонларга тарқатган», — дейилади вазирлик ахборотида. У айнан қанча одам билан мулоқотда бўлгани, 26 мартга қадар карантинда бўлган-бўлмаганига аниқлик киритилмаган.
Аввалроқ, 27 март куни тонгда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган биринчи бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)