Ўзбекистон ҳукумати 19 март, пайшанба куни, Хоразм вилоятида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Қарорга мувофиқ, Шовот туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернати ташкил этилди.
Халқаро мактаб умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тиллари чуқур ўқитилишини ташкил этади.
2020/2021-ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади. Унда чет эллик иқтидорли ўқувчилар шартнома асосида таълим олиши мумкин, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурлари ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Бундан ташқари, мактабга хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга ҳам рухсат берилади. Мактаб учун 20 ўринли турар жой биноси қурилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)