Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 15 нафарга етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Аввалроқ, коронавирус инфекцияси бир муддат олдин Истанбулдан келган ўзбекистонликда аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Сўнгги маълумотларга қараганда, унинг турмуш ўртоғида ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган.
«Шу билан бирга, Лондонда бўлиб қайтган яна бир мамлакатимиз фуқаросида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳар икки фуқаро ҳам қатъий тиббий назоратда бўлган. Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 15 нафарга етди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Қўшимча қилишларича, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Бунгача 11 март куни Франциядан (вирус 15 март куни аниқланган), 14 март куни Буюк Британиядан, 15 март куни Туркиядан қайтган, шунингдек, Дубайдан қайтган жами тўрт нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, Франциядан қайтган фуқаронинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, невараси ва бир қариндошида, Туркиядан қайтган биринчи беморнинг рафиқаси ва улар билан бир рейсда бўлган яна бир фуқарода ҳам касаллик аниқлангани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)