Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, баъзи вилоятлардаги мактабларда ўқитувчилар иштирокида, жумладан, маҳаллий ҳокимият вакиллари талабларига кўра турли мажлислар ўтказилаётганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушмоқда.
Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирлар, мажлислар ва йиғилишларга чекловлар киритилган.
Мавзуга доир: Коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча мактаблар, боғчалар ва ОТМлар карантинга ёпилади
Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимият вакилларидан ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилмасликни талаб қилмоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, Президентнинг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.
Изоҳ (0)