Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан мамлакат мусулмонларига мурожаат ва чақириқ билан чиқди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг мурожаатида шундай дейилади:
- Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар;
- Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин;
- Масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин;
- Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар;
- Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим;
- Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир;
- Карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин;
- Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.
Мавзуга доир: Ҳукумат Ўзбекистондаги диний идораларга диний маросимлар ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича илтимос билан мурожаат қилди
Ўзбекистонда 15 март, якшанба куни, коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилган эди. Вирус 11 март куни Франциядан қайтган аёлда аниқланган эди. Кейинроқ, 16 мартга ўтар кечаси COVID-19 коронавирус касаллигини юқтирган фуқаролар сони яна уч нафарга кўпайгани маълум бўлди.
Улардан бири 15 март куни тонгда Истанбулдан қайтган эркак бўлса, қолган икки нафари биринчи бемор — 11 март куни Франциядан қайтган аёлнинг ўғли ва қизи экани маълум қилинган эди. Маълум қилишларича, айни пайтда ушбу фуқаронинг турмуш ўртоғи ва неварасида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилган.
Изоҳ (0)