Россия Тергов қўмитаси томонидан қўлга олинган «Россельхознадзор»нинг Бурятия Республикаси ва Иркутск вилояти бўйича бошқарма бошлиғи ўринбосари Владимир Журавлев тинтув вақтида далиллардан бирини ютиб юборди. Амалдор бир гуруҳ шахслар томонидан пора олишда айбланмоқда. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Қайд этилишича, амалдор тахминан 160 минг рубль (2400 доллар) пора олган.
Воқеа акс этган видеода Владимир Журавлев далиллардан қутулиш учун қоғозни чайнаб, ютишини кўриш мумкин. У қоғозни дарҳол юта олмаган ва қоғоз томоғига тиқилиб қолган.
Тергов қўмитаси томонидан қайд этилишича, кичик қоғоз бўлагида рақамлар бўлган.
Тергов қўмитаси амалдор ва бир гуруҳ шахсларни олдиндан тил бириктириб, 160 минг рубль миқдорида пора олганликда айбламоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, айбланувчи Россия қишлоқ хўжалиги инспекциясининг минтақавий филиалидаги ҳамкасблари билан биргаликда ушбу пул эвазига тадбиркорга ёғоч экспорт қилиш учун фитосанитария сертификатларини тезда тайёрлаб берган.
Ушбу идора бошлиғи ўринбосарининг хонасида тинтув ўтказишда унга пора сифатида берилган 160 минг рубль пул ва бошқа гумондорнинг офисидан эса гиёҳванд модда топилган.
Изоҳ (0)