Ироқ бош вазири этиб тайинланган Муҳаммад Тофиқ Алавий янги ҳукумат таркиби бўйича парламентнинг овоз бериш жараёнларида иккинчи бор ўта олмагач, истеъфо сўради. Бу ҳақда Алавий ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, президент Барҳам Солиҳга истеъфо сўраб мурожаат йўллаган. Хатда у янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантира олмагани ва мамлакат раҳбари ҳамда Ироқ халқининг ишончини оқлай олмагани учун узр сўраган.
Al Arabia телеканалининг хабар беришича, ҳукумат таркибини шакллантириш жараёнида баъзи сиёсий партияларнинг сайловчиларга берган ваъдаларини бажармасликлари ва мустақил Вазирлар Маҳкамасини тузишдан манфаатдор эмасликлари борасида босим ўтказилган.
Шундан сўнг президент Солиҳ Ироқ парламентидан 15 кун ичида бош вазир ўрнига номзод кўратишни талаб қилган.
Аввалроқ 1 март куни Ироқ парламенти янги ҳукумат таркибини тасдиқлайдиган овоз бериш жараёнлари учун кворум тўплай олмаган.
Ироқнинг бундан олдинги бош вазири Одил Абдул Маҳдий 2019 йилнинг декабрь ойида парламентга истеъфо сўраб мурожаат йўллаган эди.
Изоҳ (0)