Ўзбекистон Президентининг қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимига Аброл Ваҳобов тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Аброл Ваҳобов мазкур тайинловга қадар Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган. Мазкур лавозим Президентнинг 2020 йил 24 февралдаги қарорига асосан тугатилди.
Маълумот учун, Аброл Ваҳобов 2008—2016 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари ахборот-таҳлил департаментининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш шўъбасига раҳбарлик қилган, 2016—2019 йилларда қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Аброл Ваҳобов 2019 йилнинг февралида Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.
Шунингдек, Президент қарори билан Ўктам Барноев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди ва шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўктам Барноевнинг мазкур лавозимга номзодини маъқуллаган эди.
Мавзуга доир: Ҳукумат таркибидаги сўнгги ўзгаришлар
Изоҳ (0)