Россиянинг Саратов электроагрегат ишлаб чиқариш бирлашмаси (СЭИБ) ўзининг асосий маҳсулоти — «Саратов» музлаткичларини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақда корхона ходимлари сўзларига асосланиб, Meduza хабар берди.
Саратов вилояти саноат ва энергетика вазирлигида журналистларга ушбу маълумотни тасдиқлашди ва музлаткичларни ишлаб чиқариш «бозорда рақобатнинг юқори даражаси туфайли корхона учун норентабел бўлиб қолгани» маълум қилинди.
Вазирликда шунингдек, СЭИБ хусусий корхона эканлиги ва ишлаб чиқариш линиясини оптималлаштириш бўйича қарорни мустақил равишда қабул қилганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, вилоят ҳукумати завод раҳбарияти билан биргаликда Саратов электроагрегат ишлаб чиқариш бирлашмасининг молиявий-иқтисодий ҳолатини нормаллаштириш вариантларини ишлаб чиқмоқда.
Вазирликда айтилишича, завод ишчиларининг қисқартирилиши ҳақида ҳали маълум қилинмаган.
Саратов электроагрегат ишлаб чиқариш бирлашмасига 1939 йилда асос солинган ва у СССРдаги маиший музлаткичлар ишлаб чиқаришни бошлаган дастлабки корхоналардан бири бўлган.
2016 йилда Саратов вилояти губернатори Валерий Радаев бирлашма негизида iPhone 7 ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилган.
Изоҳ (0)