Россиянинг «Санкт-Петербург» банкининг Москва филиали Ўзбекистонга темир йўл транспорти учун ускуналар етказиб беришга ихтисослашган «ВЛК» МЧЖга халқаро банк кафолатини тақдим этди. Бу ҳақда «Fontanka.ru» хабар берди.
Маълум қилинишича, компанияга тендерларда иштирок этиш ва шартнома мажбуриятларини бажариш учун 2,5 миллион евродан ортиқ миқдордаги банк кафолати тақдим этилди.
«ВЛК» МЧЖ темир йўл қурилмаларини етказиб беришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотлар таркибига локомотивлар, улар учун эҳтиёт қисмлари, шунингдек, бутловчи қисмлар киради.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Россиянинг «Трансмашхолдинг» компанияси таркибига кирувчи «Метровагонмаш» АЖ Тошкент метрополитени учун 5 та поезд таркибини жўнатган эди. 20 та вагондан иборат янги поездлар Тошкент метросининг Юнусобод ва Сергели йўналишларида ҳаракатланади. Мазкур 20 та вагоннинг хариди «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Метровагонмаш» ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида амалга оширилди. Қиймати 27,7 миллион евро бўлган шартноманинг 22,14 миллион евроси Россиянинг Тараққиёт ва ташқи иқтисодий фаолият банки кредити ҳисобига ҳамда 5,54 миллион евроси Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобига молиялаштирилган.
Изоҳ (0)