Қозоғистонлик MMA устаси Шавкат Раҳмонов 21 март куни UFC Fight Night 171 мусобақасида дебют қилади.
Раҳмоновга UFC’даги дебютида польшалик Бартош Фабински рақиблик қилади. Ушбу жанг Лондондаги О2 аренасида бўлиб ўтади.
25 ёшли Раҳмонов UFC тарихига илк қозоғистонлик спортчи сифатида киради. У MMA’даги фаолияти давомида 12 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Саккизта жангда нокаут эвазига рақибларини таслим қилган. 33 ёшли Фабински эса UFC’даги тўртинчи жангини ўтказади.
Қайд этиш жоиз, Шавкат Раҳмонов 1994 йил 23 октябрда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи шаҳрида туғилган. У 2011 йил Қозоғистонга кўчиб борган. Аввал Туркистон, Қарағанда вилоятларида истиқомат қилган. Сўнгра Кўкчатауга кўчиб, «Кўкча» академиясида таълим олган. MMA’га қадар бокс, самбо ҳамда жиу-житсу билан шуғулланган. 2014 йилда эса MMA’да илк жангини ўтказган.
У интервьюларида Ўзбекистонда туғилганини таъкидлаб, аслида қозоқ миллатига мансублигини қайд этади.
Изоҳ (0)