«Тошкент» телеканали «Пойтахт йўлларида» кўрсатувининг журналист ва операторига қўпол муносабатда бўлган, шунингдек, ёлғон маълумот берган Crafers корхонаси ишчиси Аброр Ш. ишдан бўшатилди. Бу ҳақда корхонанинг Facebook’даги саҳифасида хабар берилди.
Кўрсатувнинг 2019 йил декабрь ойида тасвирга олинган сонида Crafers рекламаси ёпиштирилган Malibu ҳайдовчиси Тошкентдаги Қоратош ва Samarqand darvoza кўчалари кесишмасидаги машиналар ҳаракатига халақит қилиб, транспортини йўл ёқасида тўхтатган.
Кўрсатув ижодий гуруҳи камерасига тушиб қолаётганини сезган ҳайдовчи ким ва нима учун тасвирга олаётганини сўраган. Шунингдек, у шаҳар ҳокимидан топшириқ олганини айтган. «Бу — реклама. Арчага яқинроқ туриши керак. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев буйруғи билан келганман», — дея журналистга ўшқирган ҳайдовчи. Бироздан сўнг у машинага ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган.
«Ўзбекистонда қонунлар устувор ва уларга барча фуқаролар амал қилиши лозим. Шу ўринда, юзага келган тушунмовчилик ва ноқулайликлар учун корхонамиз номидан узр сўраймиз», — дейилади Crafers хабарида.
Изоҳ (0)