21 январь куни Санкт-Петербург шаҳрида А.И.Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида Тошкент шаҳрида Герсен номидаги РДПУ филиалини ташкил этишга доир келишув имзоланди, деб хабар беради «Kun.uz».
Филиал Ўзбекистон таълим муассасалари учун мактабгача таълим, коррекциявий педагогика, психология ва бошқа юқори малакали кадрларни таълим дастурлари ва умум тан олинган халқаро талабларга мувофиқ етказиб беради. Келишувда филиалнинг 2020/2021-ўқув йилидан ишга туширилиши назарда тутилган.
Филиал бакалавриат ва магистратурадан ташқари, малака ошириш ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш дастурларини ҳам ҳаётга татбиқ этади. Унда кадрларни таълимнинг кундузги ва сиртқи, шунингдек, таълимнинг аралаш шаклида (blended learning) тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Филиал битирувчиларига Герсен номидаги РДПУни тугатганлиги тўғрисида диплом берилади. У Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.
Герсен номидаги РДПУга 1797 йилда асос солинган бўлиб, Россиянинг етакчи олий педагогика муассасаси ҳисобланади. Университет таркибига иккита илмий-тадқиқот институти, 12 та институт (шу жумладан, Болалик институти, Дефектологик таълим ва реабилитация институти, Театр, мусиқа ва хореография институти ва б.), 11 та факультет киради.
Изоҳ (0)