Россиянинг Томск вилоятида содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлган ўнинчи фуқаронинг шахсига аниқлик киритилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Тегишли хизматлар билан ҳамкорликда олиб борилган суриштирув ишлари натижасида сўнгги ўнинчи ўзбекистонлик 1998 йилда туғилган, Навоий вилояти Қизилтепа туманида истиқомат қилган Зокиров Муҳаммадали Зокир ўғли эканлиги аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни Москва вақти билан соат 00:05 да Россиянинг Томск вилояти Асино тумани Причулимский аҳоли яшаш пункти Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган ёнғин содир бўлган. Ушбу хонадонда 12 нафар Ўзбекистон фуқароси яшаган. Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган. Улар «Гринвуд» ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган. Шунингдек, ёнғинда бир нафар рус аёли ҳам вафот этган.
Кейинроқ, ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади таниб бўлмас даражада куйиб кетгани маълум қилинган. Воқеа жойидан олинган видео эълон қилинган.
Дастлаб ҳалок бўлган 9 кишининг шахси аниқлангани маълум қилинди, кейинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлган барча 10 кишининг шахси аниқлангани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига асосан ёнғинда ҳалок бўлган ва жабрланган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Томскдаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар оилаларига ҳамдардлик билдирган.
Изоҳ (0)