Шавкат Мирзиёев 2019 йил 24—26 март кунлари БААга ва 17—20 декабрь кунлари Японияга ташрифлар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Ташрифлар давомида БАА билан қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ, Япония билан эса 6 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган эди. Йиғилишда БАА компаниялари билан эришилган келишувлар натижа бераётгани таъкидланган.
Президент матбуот хизмати ахборотига кўра, БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция фонди ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонаси хусусийлаштирилишини молиялаштириш маъқулланган.
Маълумот учун, Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонаси қурилиши 2012 йилда бошланиб, 2016 йил июнида фойдаланишга топширилган. Ўшанда қурилиш қиймати 205 миллион долларни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Меҳмонхона қуриб битказилиши учун 2015 йилда Халқ банки Жамғариб борилувчи Пенсия тизими маблағлари ҳисобидан беш йил муддатга йиллик ставкаси 10 фоиз бўлган 100 миллиард сўм (ўша вақт курси бўйича 37,9 миллион доллар) ажратган эди.
Изоҳ (0)