Ўзгидромет хабарига кўра, 29—31 декабрь кунлари бутун республика бўйлаб ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиши, баъзи жойларга туман тушиши ҳам мумкин. Янги йил байрамига Ўзбекистон ҳудудида қор ёғиши кутилмаяпти.
31 декабрь, сешанба куни кечаси ҳаво ҳарорати 0—5 даражагача пасайиши, кундузи 7—12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Республиканинг тоғли ҳудудларида 31 декабрь куни ҳарорат кундузи 3 даража совуқ — 2 даража илиқ, кечаси 3 даража совуқ — 8 даража илиқ бўлади. Шамол тезлиги 7—12 метр/секундан 15—20 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Статистикага кўра, сўнгги 50 йил ичида Тошкентда 31 декабрь ва 1 январда ўртача ёғингарчилик ҳар 3-5 йилда 1 маротаба кузатилган. Кўп ҳолларда ёмғир кўринишида бўлган.
«Сўнгги йилларда дунё бўйлаб глобал исиш тенденцияси кузатилиши сабаб илиқ қишлар сони кўпайиб, қор ёғиши камаймоқда. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда Янги йил байрами куни қуруқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бу йил ҳам Янги йилни биз қорсиз кутиб оламиз», — дейилади Ўзгидромет хабарида.
26—28 декабрь кунлари кундузи ҳарорат 14—17 даражагача кўтарилади. Бу меъёрдан 8—10 даража юқори дегани. Декабрь ойининг сўнгги кунларида ҳаво ҳарорати меъёрий чегарада бўлиб, кечаси 0—5 даража илиқ, кундузи 5—10 даража илиқ бўлади. 29—31 декабрда Ўзбекистоннинг баъзи ҳудуларида ёмғир ёғади. Фақат республиканинг тоғли ҳудудларида қор ёғиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)