Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Наманган шаҳридаги 32-Исфархон сайлов округидан номзоди кўрсатилган З.Хўжаев сайловолди ташвиқоти тартибини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум қилинишича, З.Хўжаев 2019 йил 3—4 декабрь кунлари Наманган шаҳридаги номзоди қўйилган «Ҳақиқат» ҳамда «Марғилон» МФЙда яшовчи сайловчилар билан учрашиб, сайлов куни унга овоз беришлари учун уларга озиқ-овқат маҳсулотларини текин тарқатиб, сайловолди ташвиқотини олиб борган.
Ушбу ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан З.Хўжаевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-5-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Наманган шаҳар маъмурий судига юборилган.
Наманган шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 20 декабрдаги қарорига асосан, З.Хўжаевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-5-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Ўзбекистон Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, депутатликка номзодлар ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.
Аввалроқ ЎзЛиДеПнинг Тошкент шаҳар кенгашига кўрсатилган номзоди сайловчиларга арзон нархда ун ва ёғ сотгани учун жавобгарликка тортилган эди.
Изоҳ (0)