Тошкентда Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда харид муносабатлари бўйича хориж тажрибасини қўллаш масалалари бўйича семинар ташкил этилди, деб хабар берди ЎзА.
Унда хорижий мутахассислар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органларининг вакиллари иштирок этди.
Семинарда харид қилиш тартиб-таомиллари, шунингдек, йирик трансмиллий компанияларнинг харид муносабатлари соҳасидаги халқаро тажриба ҳақида сўз юритилди. Бундан кўзланган мақсад тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунни ишлаб чиқишдир.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида 2018 йилнинг апрель ойида давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ягона ҳужжат «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Бунгача давлат харидлари соҳасидаги муносабатлар 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали тартибга солинган.
Ҳозирда соҳада янги қонун асосида ишлар самарали ташкил этилмоқда. Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали — «Xarid.uz» яратилди. Унда давлат харидлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу соҳада бериладиган кўплаб саволларга жавоб топиш мумкин.
Давлат харидлари тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш мақсадида ушбу соҳани ва бу бўйича илғор тажрибани ўрганиш давом этмоқда. Натижада мавжуд қонунни янги таҳрирда қабул қилиш устида иш олиб борилмоқда. Зеро, соҳада замонга мос янгиланиб бораётган муносабатлар қонунчиликни мунтазам такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.
Ҳозирги кунда давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари жараёнларига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ҳамда ушбу жараёнларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қоидаларни белгилаш долзарблашди. Бу янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам назарда тутилмоқда. Шу ва бошқа асосий ўзгаришлар ҳақида Молия вазирлиги вакили батафсил тушунча берди.
Семинар якунида иштирокчилар харид жараёнларини бошқариш ва ташкил этиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Изоҳ (0)