Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов газеталарнинг бугунги молиявий аҳволи ҳақида ўз фикрларини билдириб, уларнинг замонга мослашиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
«Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири давомида агентлик директори бугунги кунда нега интернет журналистикаси газеталарга нисбатан тезроқ ривожланаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Комил Алламжоновнинг қайд этишича, мазкур тафовут бугунги давр талаби ҳисобланади. Газеталар ҳам секин-секин бунга мослашишга мажбур. Унинг сўзларига кўра, ҳозир шундай жараён кетяптики, газета журналистикаси интернет журналистикасига мослашиши керак. Барча газета таҳририятларига интернетга ўтишни бошлаш кераклиги ҳақида тавсия берилмоқда.
Агентлик директорининг таъкидлашича, интернетнинг аудиторияси газетанинг аудиториясига қараганда жуда катта ва ҳар бир журналист ўз материалини кўпроқ одам ўқишини, кўпроқ тарқалишини хоҳлайди.
Газеталарнинг иқтисодий аҳволи ҳақида гапирган Комил Алламжонов бу бўйича куни кеча президент қарори чиққанини қайд этиб ўтди. Бу масала бўйича, умуман, босма ОАВнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг ходимлари ойлик маошини кўриб чиқиш масаласида таклифлар бериш керак.
Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, айни пайтда босма ОАВларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилмоқда, янги жамғармалар жорий қилиняпти, уларнинг молиявий манбалари белгиланяпти.
Унинг сўзларига кўра, давлат аввал газеталарга мажбурий обуна билан ёрдам берган. Мажбурий обунанинг ҳисобидангина газеталар фаолият юритган. Бугунги кунда эса фақатгина ҳозирги даврга мослашиш керак, шундагина тўғри фаолият олиб бориш мумкин.
Изоҳ (0)