Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Паркент туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Фуқаролар Н.Н. ва П.Й. олдиндан тил бириктириб, вақтинча яшаб келаётган Паркент тумани Ҳисорак қишлоғидаги хонадонида рангли принтер ёрдамида 50 000 ва 100 000 сўмлик қалбаки купюраларни тайёрлаб келаётганлиги аниқланган.
Тадбир якунида ушбу хонадондан 116 дона 50 000 ва 34 дона 100 000 сўмлик қалбаки купюралар, 94 дона 50 000 ва 100 000 сўмлик купюраларнинг тасвири туширилган А-4 ҳажмли қоғозлар ҳамда уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган Epson русумли рангли принтер, бўёқлар ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.Н. ва П.Й.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)