Россия тергов қўмитаси ҳудудий бошқармасининг биринчи ўринбосари, 43 ёшли адлия полковниги Михаил Бусилко Екатеренбургда қўлга олинди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Хабарга кўра Бусилко 18 миллион рубл (2 миллиард 663 миллион сўм ёки қарийб 280 минг АҚШ доллари) миқдорида пора олаётган вақтида ҳибсга олинган. Пулларни унга адвокат таклиф қилган. Полковникни қўлга тушириш операцияси Федерал хавфсизлик хизмати ва тергов қўмитасининг 4-тергов бошқармаси Екатеренбург дислокацияси ҳамкорлигида амалга оширилган.
Бусилко вақтинчалик қамоқ изоляторига жойлаштирилган ва яқин вақт ичида суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллайди. Тергов вакиллари гумонланувчини қамоққа олишни сўраган. ФХХ полковникнинг ҳибсга олингани бўйича расмий маълумот беришни истамаган.
Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко полковникнинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Шунингдек, Бусилкодан ташқари Владимир вилояти адвокатлар палатаси вакили ҳам қамоққа олинганини маълум қилган. Полковникка Россия қонунчилигига мувофиқ «Пора олиш», адвокатга эса «Пора беришда воситачилик қилганлик» юзасидан айбловлар эълон қилиниши мумкин.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)