Машҳур «Форсаж» фильмининг продюсери Нур-Султон шаҳридан картинанинг навбатдаги қисми суратга олиш учун жой изламоқда. Бу ҳақда Kazinform хабар берди.
Маълум қилинишича, Universal Pictures кинокомпанияси вакиллари Қозоғистонга келиб, фильмнинг бир эпизодини суратга олиш учун мўлжалланган жой билан танишди.
«Албатта, қарорни продюсерлар қабул қилади. «Форсаж» фильми бўлмаса, бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режаси ҳам бор», — дейди «Глобал сиёсат ташаббуслари» компанияси президенти Жей Фитлук. Шунингдек, компания раҳбари америкалик кинокомпаниялар фақат сиёсий жиҳатдан мустаҳкам мамлакатларга сармоя киритишини таъкидлаб ўтди.
Қозоғистон давлат кинони қўллаб-қувватлаш миллий маркази бошқарма раиси Андрей Хазбулатовнинг айтишича, «Форсаж» фильмининг бир эпизодини Қозоғистонда суратга олиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Фильм муаллифлари Нур-Султондаги пойга автомобилларига мўлжалланган майдон билан қизиқмоқда. Аммо ҳали ҳужжатлар расмийлаштирилгани йўқ.
Изоҳ (0)