Молдова ҳукумати ва бош вазир Майи Санду истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Аввал Молдова социалистлар партияси парламентда Санду ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилишни таклиф этганди. Вазирлар маҳкамаси истеъфоси учун 101 овоз имкониятидан 51 та овоз олиш етарли деб ҳисобланарди. Истеъфо учун Социалистлар партияси ҳамда Демократик партиянинг 63 нафар депутати овоз берди. «Шор» партияси ва АCUМ блокининг икки фракцияси овоз бериш жараёнида иштирок этишдан бош тортган.
«Ҳукуматга ишончсизлик вотумини эълон қилиш 63 овоз билан тасдиқланди», — дейди парламент спикери Зинаида Гречаний.
8 ноябрда Молдова республикаси социалистлар партияси парламентда Майи Санду ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилиш ташаббусини рўйхатдан ўтказганди.
Молдовада Майи Санду жорий йилнинг 8 июнида ўнглар мухолифати етакчиси сифатида парламентда 101 овозли имкониятдан 61 овоз йиғиб бош вазир лавозимига тасдиқланганди. Унинг дастурида мамлакатни зодагонлар бошқарувидан озод қилиш, иқтисодиётни қайта тиклаш ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорлик қилиш, коррупция ҳамда қашшоқликка қарши курашиш кўзда тутилганди.
Изоҳ (0)